Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Нуфузли халқаро ташкилот ўз уставига Ўзбекистон билан боғлиқ ўзгаришлар киритмоқда

03.07.2026
319

O‘zLiDeP вакиллари шу йилнинг 25-28 июнь кунлари Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси (ICAPP) Доимий қўмитасининг 45-йиғилишида қатнашди.

Дунёдаги энг нуфузли глобал партиялараро ташкилотлардан бири ҳисобланган ICAPP 50 дан ортиқ давлатнинг 350 дан зиёд сиёсий партияларини ўз сафида бирлаштирган йирик халқаро тузилмадир. Мазкур платформа қитъамиз ва ундан ташқаридаги етакчи сиёсий кучлар ўртасида очиқ мулоқот ва стратегик фикр алмашинуви майдони бўлиб хизмат қилмоқда.

Қарийб чорак асрлик тарихга эга ушбу ташкилот фаолиятида кейинги ўн йил давомида Ўзбекистон сиёсий партиялари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, ICAPP қошидаги Ёшлар қаноти (Youth Wing), Аёллар қаноти (Women’s Wing), Медиа форум (Media Forum) ва Бизнес кенгаши (Business Council) Ўзбекистон вакиллари учун халқаро ҳамкорлар билан тадбиркорлик, ёшлар ҳамда аёллар сиёсати ва оммавий ахборот воситалари соҳаларида яқин алоқаларни йўлга қўйишда муҳим омил бўлди.

Ташкилотнинг бошқарувчи ва мувофиқлаштирувчи асосий органи — Доимий қўмита (Standing Committee) бўлиб, у тузилманинг стратегик йўналишларини белгилашда марказий роль ўйнайди.

Доимий қўмитанинг Улан­Батордаги анжуманида ICAPP фаолиятига концептуал тарзда таъсир қилувчи ва халқаро сиёсий архитектурани ўзгартирувчи бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон — минтақавий ва глобал сиёсатнинг марказида

Йиғилиш кун тартибидаги энг асосий масалалардан бири — ташкилотнинг бўлажак 13­Бош Ассамблеясида ICAPP Уставига киритилиши кутилаётган тарихий ўзгартиришлар муҳокамаси бўлди. Унга кўра, ташкилотнинг бошқарув органи —Доимий қўмита аъзолари сонини 23 тадан 25 тага ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Лаос етакчи партияларини Доимий қўмита аъзоси сифатида белгилаш таклифи илгари сурилди ва бир овоздан қўллаб­қувватланди.

Доимий қўмита аъзолари томонидан Марказий Осиё бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, транспорт­коммуникация ва маданий жиҳатдан янги имкониятлар ҳамда глобал ташаббуслар маконига айланиб бораётгани алоҳида эътироф этилди. Бунда айнан Ўзбекистоннинг прагматик, очиқ ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ташқи сиёсати ҳал қилувчи роль ўйнаётгани таъкидланди. Мамлакатимизнинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида тобора мустаҳкамланиб бораётган ўрни унинг қитъанинг энг йирик партиялараро уюшмаси раҳбар органида бўлишини тақозо этмоқда. Муҳокамада сўзга чиққан Доимий қўмита аъзолари бўлмиш Осиёнинг етакчи партиялари вакиллари ва етакчилари Ўзбекистоннинг Доимий қўмита таркибига кириши минтақалараро сиёсий мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришига ишонч билдирдилар.

Қитъалараро янги сиёсий платформа: ICDPP ташаббуси

Бугунги мураккаб геосиёсий кескинликлар, иқтисодий ноаниқлик ва ахборот маконидаги глобал рақобат даврида сиёсий партиялар ўртасидаги тизимли мулоқот ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Шу мақсадда, ICAPP ташаббуси билан шу йилнинг сентябрь ойида Сеул шаҳрида Африка сиёсий партиялари ташаббуси (APPI), Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатлари сиёсий партиялари доимий конференцияси (COPPPAL) ҳамда Европа Кенгаши Парламент Ассамблеясидаги Европа консерваторлари, ватанпарварлари ва ҳамкорлари гуруҳи (ECPA) билан ҳамкорликда “Сиёсий партиялар ўртасидаги Қитъалараро мулоқот” (ICDPP) таъсис йиғилишини ўтказиш масаласи келишиб олинди.

Ушбу глобал лойиҳа Осиё, Африка, Шимолий ва Лотин Америкаси ҳамда Европанинг етакчи ва ҳукмрон партиялари ўртасида мутлақо янги ҳамкорлик платформасини шакллантиради. Ушбу тузилмада муҳим ўрин тутадиган ICAPP Доимий қўмитаси таркибидан Ўзбекистоннинг ҳам жой олиши мамлакатимизнинг глобал партиялараро жараёнларда ҳам ўз сўзига эга нуфузли субъектга айланаётганидан далолат беради.

Рақамли трансформация ва сунъий интеллект: Ўзбекистон тажрибаси

Анжуман доирасида бўлиб ўтган “Рақамли асрда Осиё трансформацияси: сунъий интеллект муаммоси” мавзусидаги махсус сессия халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди. Унда сунъий интеллект (AI) технологияларининг давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва инсон капиталига таъсири муҳокама қилинди.

Мазкур сессияда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси департамент раҳбари Сардор Марипов маъруза қилди. У ўз нутқида Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича 2030 йилгача белгиланган миллий стратегия, рақамли инфратузилмани кенгайтириш ва AI ечимларини давлат хизматлари, таълим ва тадбиркорликка босқичма­босқич жорий этиш борасидаги амалий қадамлар ҳақида батафсил маълумот берди. Алоҳида қайд этилганидек, O‘zLiDeP сунъий интеллект технологияларига хусусий сектор самарадорлигини ошириш, бизнес муҳитини рақамлаштириш, ёшлар учун янги касбий имкониятлар яратиш ҳамда давлат бошқарувида очиқлик ва тезкорликни таъминлайдиган стратегик ресурс сифатида қарайди.

Юқори даражадаги учрашувлар ва эътироф

Ташриф дастури доирасида бир қатор учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, Мўғулистон Бош вазири, Мўғулистон Халқ партияси раиси Ням­Осор Учрал билан расмий учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида Мўғулис тон ҳукумати раҳбари Ўзбекистонда давлат бошқарувини модернизация қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш ва рақамли трансформация соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берди. Янгиланаётган Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва прагматик ҳамкорликни таъминлашдаги роли қитъа давлатлари учун улкан тажриба мактаби экани таъкидланди.

Мўғулистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ва Бош вазир маслаҳатчиси Баттушиг Батболд билан учрашувда Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги ислоҳотлари ва халқаро ареналардаги тарихий ғалабалари инсон капиталига киритилаётган инвестиция натижаси сифатида эътироф этилди.

Мўғулистон Халқ партиясининг халқаро масалалар бўйича котиби Цэлмүүн Манлайжав билан кечган мулоқотда O‘zLiDeP ва МХП ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истиқболлари келишиб олинди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, O‘zLiDeP вакилларининг ICAPP Доимий қўмитасининг 45­йиғилишидаги иштироки ва Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли тузилма раҳбариятига киритилиши бўйича ташаббус — мамлакатимиз олиб бораётган очиқ, изчил ва халқаро даражадаги прагматик сиёсатнинг мантиқий эътирофидир.

Бугун Ўзбекистон нафақат иқтисодий ва дипломатик алоқаларда, балки глобал сиёсий кучларни бирлаштирувчи партиялараро платформаларда ҳам ўзининг фаол ўрнига эга бўлмоқда. O‘zLiDeP ушбу жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида, юртимиздаги демократик ислоҳотлар моҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ҳамда давлатимизнинг геосиёсий мақомини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаверади.


Бахтиёр ЯКУБОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари

Сайтни янги дизайни ёқдими?