Оҳангаронлик хотин-қизларни партиявий лойиҳаларга кенг жалб этишга келишиб олинди
O'zLiDePнинг “Фаровон оила” ҳамда “Саломталик сари” лойиҳалари доирасида Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмасида навбатдаги тадбир ташкил этилди.
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Гулшана Худоёрова тренерлигида ўтган семинар-тренингда асосий эътибор аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш, айниқса, ажрим ёқасида турган аёлларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор аёллар билан якка тартибда иш олиб бориш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва жамиятга мослашиши учун шарт-шароит яратиш бўйича таклиф-тавсиялар тингланди.
Шунингдек, уларни оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка йўналтириш бўйича партиявий лойиҳаларга кенг жалб этишга келишиб олинди.
Семинар-тренингда хотин-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.