“Орият”да ўтказилган “Юракка йўл” акцияси доирасида 1217 хонадон қамраб олинди
“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Музработ тумани “Орият” маҳалласида ўтказилган “Юракка йўл” акцияси аҳоли билан бевосита мулоқот ўрнатиш ва уларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. 7553 нафар аҳоли истиқомат қиладиган, 1217 та хонадонни қамраб олган маҳаллада депутатлар ва партия фаоллари уйма-уй юриб, фуқаролар муаммоларини ўргандилар.
Ўрганишлар давомида ижобий мисоллар ҳам қайд этилди. Жумладан, Сулаймон Хайитов 25 сотих ерда кўчатчилик орқали даромад топаётган бўлса, Тўхтагул Беккелдиева 5 сотихли иссиқхонаси ва 30 сотих ерда чорвачилик билан шуғулланиб, самарали меҳнат қилмоқда. Бу каби мисоллар маҳаллада тадбиркорлик муҳитининг шаклланаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда ички йўлларни таъмирлаш ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш каби муаммолар аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиниб, масъул ташкилотларга топшириқлар берилди. “Юракка йўл” акцияси аҳоли дардини эшитиш ва ечим топишга қаратилган самарали мулоқот майдонига айланди.