Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ортга қайтмас ислоҳотлар шиддати

09.01.2026
511

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари билан бирга, келгуси ривожланишнинг стратегик истиқболлари белгилаб берилди.

Хусусан, ўтган икки йилда камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга тушгани, ялпи ички маҳсулот ҳажми 107,5 миллиард доллардан 140 миллиард долларга етгани, экспорт ҳажми 24,9 миллиард доллардан 27,9 миллиард долларга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 17,1 миллиард доллардан 42 миллиард долларга ошганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ушбу дастурий ҳужжатда 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилганди. Қисқа муддатда шиддат билан амалга оширилган ислоҳотлар туфайли бу маррага 2026 йилнинг ўзида эришилиши, яъни ЯИМ ҳажми 167 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Бундай натижалар ҳамда Мурожаатномада кўрсатиб ўтилган маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиётни инновацион ва технологик ўсиш моделига ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозорини шакллантириш, экологик мувозанатни таъминлаш ҳамда замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини барпо этиш каби олтита йўналиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар, шунингдек, ортга қайтмас ислоҳотлар шиддати “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янгилаш ва 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги самарадорлик кўрсаткичларни ишлаб чиқишни талаб этмоқда.

Мурожаатномада “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифаси таъкидланган эди. Юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, уни аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштириш мақсадида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг ўрта муддатга мўлжалланган ривожланиш йўлини янада самарали давом эттиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган, амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларга ўзини дахлдор билган ҳар бир юртдошимиз ушбу ҳужжат муҳокамасида фаол иштирок этади. 

Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?