Орзусини даромадга, ташаббусини бизнесга айлантираётган аёллар
O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Хива шаҳрида “Фаровон оила” лойиҳаси доирасида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга бағишланган мулоқот ўтказилди. Тадбирда аёлларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, қўшимча даромад манбаларини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган хотин-қизларга бизнес ғояларини ривожлантириш, молиявий имкониятлардан фойдаланиш ва мавжуд имтиёзлар ҳақида амалий тушунтиришлар берилди. Уй шароитида пишириқлар тайёрлаш билан шуғулланувчи Шахруза Давлатёрова каби фаол аёллар учун бундай учрашувлар ўз бизнесини кенгайтириш, янги маҳсулот турларини йўлга қўйиш ва қўшимча иш ўринлари яратишга муҳим рағбат бўлмоқда.
Уй шароитида турли хил пишириқлар тайёрлаш билан шуғулланиб келаман, – дейди у. – Бугунги тадбир давомида фаолиятимни ривожлантириш учун яратилаётган янги имконият, имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида керакли маълумотларга эга бўлдим. Энг муҳими, бу каби тадбирлар мен каби уй шароитида меҳнат қилаётган аёлларга ўз имкониятларимизни намоён этиш ва кичик бизнесимизни барқарор даромад манбаига айлантириш учун янги куч ва ишонч беради.
Тадбир якунида “Фаровон оила” лойиҳаси доирасидаги бундай ташаббуслар хотин-қизларнинг орзуси ва ғояларини реал бизнесга, меҳнатини эса барқарор даромад манбаига айлантиришга мустаҳкам замин яратаётгани қайд этилди.