Asosiy kontentga o‘tish
Сешанба 20-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигида янги иқтисодий имкониятлар

20.10.2026
75

Президентимиз 19 октябрь куни Самарқандда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши очилишида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, махсус вакил Сержио Гор ҳамда етакчи Америка компаниялари ва банклари вакиллари иштирокидаги тадбирда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига тўхталди.

Бугун Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, мустаҳкам сиёсий шериклик иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилди. Айни пайтда мамлакатимизда Америка сармояси иштирокидаги юзлаб компаниялар саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва технологиялар соҳаларида фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, замонавий энергетика тизимини ривожлантириш, маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий қилиш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришни белгилаб берди.

Йиғилиш доирасида умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик 54 та келишув ва истиқболли ташаббус шакллантирилгани алоҳида аҳамиятга эга. Уларни амалга ошириш учун комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади. Шунингдек, инвесторларга тайёр инфратузилма ва зарур рухсатномалар билан таъминланган лойиҳаларни таклиф этиш орқали бизнес юритиш шароитларини янада соддалаштириш кўзда тутилган.

Президентимиз Кенгашни икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли иқтисодий шерикликнинг стратегик механизмига айлантириш зарурлигини таъкидлаб, 2035 йилгача бўлган савдо-инвестициявий ва технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф этди. Мазкур ташаббуслар янги инвестицияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш, янги иш ўринларини яратиш ва мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?