Asosiy kontentga o‘tish
Якшанба 16-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўзбекистон — Грузия: парламент ва партиялараро ҳамкорлик янги босқичда

15.08.2026
96

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференция доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов Грузия Парламенти депутатлари Леван Мачавариа ва Ираклий Мезурнишвилилар билан учрашди.

Унда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дўстона ва стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда олий даражадаги мулоқотлар фаоллашиб, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси билан икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил июль ойида Грузияга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга катта суръат бағишлаб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очди.

А.Хаитов меҳмон томонига янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Ўз навбатида, Грузия Парламенти депутатлари илиқ ва дўстона муносабат учун миннатдорлик билдириб, охирги ўн йилликда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатдаги янгиланиш ва тараққиёт жараёнлари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини тобора юксалтираётганини алоҳида таъкидлади.

—Биз давлат раҳбарингиз бошчилигида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз ва парламентлараро муносабатларни ривожлантириш тарафдоримиз. “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида бўлиб ўтган конференция Ўзбекистон ва Грузия парламентлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, — деди Грузия Парламенти депутати Леван Мачавариа.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, мавжуд транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни илгари суриш учун кенг имкониятлар борлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва эришилган келишувларни амалий мазмун билан бойитишда парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутиши айтилди.

Қонун ижодкорлиги, иқтисодий ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва хусусий секторни ривожлантириш, рақамлаштириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш соҳаларида тажриба алмашиш икки мамлакат парламентлари ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бири экани урғуланди.

Учрашувда парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш баробарида, партиялараро ҳамкорликни ҳам янги ғоя ва амалий ташаббуслар билан бойитиш муҳим экани алоҳида қайд этилди. ЎзЛиДеП ва “Грузин орзуси” партияси ўртасида мунтазам мулоқот ўрнатиш, ҳамкорлик меморандумини тайёрлаш, қўшма давра суҳбатлари ва бизнес-форумлар ўтказиш таклиф этилди.

Учрашув очиқ ва дўстона руҳда ўтди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?