Asosiy kontentga o‘tish
Жума 11-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўзбекистон — Сербия: ўзаро ишончдан стратегик шериклик сари

11.09.2026
82

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7–8 сентябрь кунлари Сербия Республикасига расмий ташрифи икки мамлакат ўртасида шаклланган ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган мулоқотни янада мустаҳкамлаб, ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб берди.

Ташриф давомида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, икки давлат ҳукуматлараро комиссияларининг иқтисодий ҳамкорлик бўйича йиғилиши мавжуд келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш учун муҳим имконият бўлди.

Айни пайтда икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва мавжуд имкониятларини ҳисобга олганда, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли ошириш учун ҳали катта захиралар мавжуд. Шу боис ҳамкорликнинг навбатдаги босқичида инвестицияларни фаол жалб этиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш ва янги бозорларга чиқиш устувор аҳамият касб этади.

Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида энергетика, инвестициялар, инновациялар, ахборот технологиялари ва рақамли хизматлар, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, саноат кооперацияси, фармацевтика, тўқимачилик ҳамда спорт соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгилаб олингани ҳам бежиз эмас. Зеро, мазкур тармоқлар ҳар икки мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлиб, уларда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юқори.

Айниқса, инновациялар ва IT хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик энг истиқболли йўналишлардан бири бўлиши мумкин. Бугун рақамли технологиялар иқтисодиётнинг алоҳида тармоғигина эмас, балки барча соҳалар тараққиётини ҳаракатга келтирувчи муҳим кучга айланмоқда. Шу маънода Ўзбекистон ва Сербиянинг технологик салоҳиятини уйғунлаштириш янги стартаплар, рақамли хизматлар, инновацион ишланмалар ва юқори қўшилган қийматга эга лойиҳалар учун кенг имкониятлар очади.

Икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш нафақат фуқаролар ҳаракатини енгиллаштиради, балки бизнес алоқаларини фаоллаштириш, сайёҳлик оқимини кўпайтириш, таълим ва маданий муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Сербиянинг Болқон минтақасидаги ўрни, саноат ва технологик имкониятлари, Европа бозорлари билан яқин алоқалари Ўзбекистон учун янги имкониятлар яратади. Мамлакатимиз учун Европа давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, экспорт йўналишларини кўпайтириш ва янги бозорларга чиқиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан, Сербия билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун Европага чиқишда муҳим иқтисодий кўприк бўлиши мумкин.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Сербия учун Марказий Осиёнинг йирик, жадал ривожланаётган ва истиқболли бозорларидан бири сифатида катта қизиқиш уйғотади. Демак, икки мамлакат иқтисодий манфаатларининг бир-бирини тўлдириши учун етарли замин мавжуд. Энг муҳими, бугун Ўзбекистон — Сербия муносабатларида ишонч ва иқтисодий манфаат уйғунлашиб бормоқда. Бу эса шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам асос яратади.

Ташриф доирасида Сербия Президенти томонидан давлатимиз раҳбарига “Шавкат Мирзиёев доктринаси” номли китобнинг серб тилидаги махсус нашри тақдим этилгани ҳам ўзига хос рамзий аҳамиятга эга. Асарнинг серб тилида нашр этилиши Сербия жамоатчилигида Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий қарашларига қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.

Бугун Ўзбекистон — Сербия муносабатлари мустаҳкам сиёсий ишонч, ўзаро ҳурмат ва манфаатдорликка таянган янги мазмун касб этмоқда. Президентимизнинг Сербияга ташрифи эса Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсатининг навбатдаги амалий ифодаси сифатида намоён бўлди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, бугун мустаҳкамланаётган Ўзбекистон — Сербия дўстлиги келгусида иқтисодий, технологик ва гуманитар ҳамкорликнинг янги қирраларини очади. Бу эса нафақат икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлигини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.

 

Гулжан ХАЛМУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

Сайтни янги дизайни ёқдими?