Ўзбекистон – ШҲТ: партиялараро мулоқот кучаймоқда
Жорий йилнинг 22–27 апрель кунлари Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотини барқарор ривожланишига кўмаклашиш – Шанхай руҳини намоён қилиш: сиёсий партияларнинг масъулияти ва вазифалари” мавзусидаги сиёсий партиялар форуми бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари ҳам иштирок этди.
Нуфузли анжуманга ташрифнинг асосий мақсади – Ўзбекистоннинг партиялараро алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликни янги босқичга кўтариш ва мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятни хабардор этишдан иборат бўлди.
Форумда ШҲТга аъзо, кузатувчи ва мулоқотчи мақомга эга 20 дан ортиқ давлатлардан 200 дан зиёд сиёсий партия ва парламент вакиллари қатнашди. Ўзбекистон делегацияси кенг қамровли ислоҳотлар, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат, инсон қадрини юксалтириш ва фуқаролар манфаати йўлидаги ҳаракатлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Таъкидлаш жоизки, делегация таркибида бўлган O‘zLiDeP вакиллари мазкур форумда партиялараро муносабатларни мустаҳкамлаш, халқаро сиёсий мулоқот бўйича муҳим таклиф ва ташаббусларни ўртага ташлашди.
Тадбир доирасида Шинжон-Уйғур автоном райони партия қўмитаси котиби Ма Синжуй ҳамда Чжэцзян провинцияси губернатори Лю Цзе каби нуфузли расмийлар билан мулоқотлар ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, делегациямизнинг Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Озарбайжон, Россия ва Беларусь давлатлари вакиллари билан ҳам ўзаро фикр алмашинувлари қизғин кечди.
Форум дастурига кўра, сунъий интеллект, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, экологик масалалар, миллий қадриятларни муҳофаза қилиш каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Бундан ташқари ШҲТ сиёсий партиялар форуми халқ дипломатиясининг муҳим платформаси сифатида эътироф этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Хитой томони ҳам Ўзбекистондан таклиф этилган делегация аъзоларига катта эътибор қаратган ҳолда икки давлат ўртасидаги партиялараро ҳамкорлик алоқаларни янада кучайтириш тарафдори эканликларини билдирди. Бундай қизиқиш, таъкидлаш керакки, ушбу форумда иштирок этган бошқа давлатлар вакилларида ҳам кузатилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, парламентлараро ва партиялараро алоқаларни кучайтириш мақсадида тадбирда қатнашган делегациялар билан келишилган ҳолда бир қатор манфаатли таклифлар ҳам ўртага ташланди. Таъкидлаш ўринлики, ушбу анжуман нафақат сиёсий партиялар, балки парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу эса мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, очиқлик ва тараққиёт сари ташланаётган дадил қадамларимиз халқаро майдонда муносиб баҳоланаётганининг яна бир бор тасдиғи бўлди, десак арзийди.