Ўзбекистон — Туркия: ўзаро ҳамкорликнинг янги уфқлари
Ўзбекистон билан Туркияни муштарак тил ва тарих, ўхшаш маданият ва анъаналарга асосланган яқин дўстлик ва қардошлик муносабатлари бирлаштириб туради.
Туркия — Ўзбекистон муносабатлари Туркия Ўзбекистон мустақиллигини тан олган ва 1992 йил 4 мартда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён изчил институционаллашув йўлини босиб ўтди. Икки томонлама алоқалар динамикаси кейинчалик стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар янги босқичга чиқди. Хусусан, ўтган йили ўзаро савдо 3 млрд. доллардан ошган бўлса. инвестициялар қарийб 10 млрд. долларни ташкил этди. Қўшма корхоналар сони эса 2,2 мингдан ортди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифи замонавий халқаро муносабатлар тизимида туркий ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятини англашни оширишга хизмат қилади.
зеро, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида бўлиб ўтган олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши икки томонлама муносабатларда бутунлай янги даврни бошлаб берди. Бу учрашув нафақат сиёсий, балки савдо-иқтисодий, маданий, тил ва мафкуравий жиҳатдан ҳам ғоят муҳимдир.
Айниқса, йиғилиш якунида Қўшма баёнот ва ҳамкорлик механизмлари бўйича қарор имзолангани, соғлиқни сақлаш, таълим ва ҳарбий тиббиёт, иқтисод-молия, кончилик, транспорт йўлаклари, махсус иқтисодий зоналар, ядро хавфсизлиги, миграция ҳамда маданият соҳаларида дастурий ҳамкорлик режаси қабул қилингани алоҳида эътиборга молик.
Ушбу ташриф давомида ҳамкорликнинг инсонпарвар ва амалий қирралари яққол кўринди. Давлатимиз раҳбари ва Туркия етакчиси Ҳатайда Ўзбекистон томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилишида иштирок этди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва самимий дўстликнинг амалдаги намунасидир.
Шунингдек, Президентлар Истанбулнинг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишини ҳам бошлаб бердилар. Бу ўз навбатида, Ўзбекистоннинг хориждаги илк таълим муассасаси бўлиб, Туркиядаги ўзбек фарзандлари учун она тили ва миллий қадриятларни асрашга хизмат қилади.
Умуман олганда, Ўзбекистон –Туркия муносабатлари бугун тараққиётга хизмат қиладиган кучли ҳамкорлик ва дўстлик платформасидир. Давлатимиз раҳбарининг ушбу давлатга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик вақт синовидан ўтаётгани, одамларга реал фойда келтирадиган аниқ, сезиларли ҳаракатларда намоён бўлаётганининг ёрқин ифодасидир.
Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати