Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 07-май 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўзбекистон ва Туркия: партиялараро мулоқот стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир

04.05.2026
164

2026 йил 4 май куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов ҳамда Туркия Республикасининг “Буюк бирлик” партияси раиси Мустафо Дестижи бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу ташриф сўнгги йилларда барқарор ижобий динамика касб этаётган Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда партиялараро мулоқотни ривожлантириш йўлидаги муҳим воқелик бўлди.

​Музокаралар давомида жорий йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига ўттиз йил тўлиши алоҳида қайд этилди. Томонлар ўтган давр мобайнида икки томонлама муносабатлар анъанавий алоқалардан ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашга асосланган тўлақонли стратегик шериклик босқичига кўтарилганини таъкидлаб ўтилди.

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов Туркия делегациясини қутлар экан, икки мамлакат муносабатлари мустаҳкам тарихий-маданий ва маънавий илдизларга таянишини таъкидлади. Биродар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик ришталар бугунги кунда иқтисодиёт, инвестиция, таълим ва маданият соҳаларини қамраб олган кенг қамровли стратегик шериклик форматида янги мазмун билан бойиётгани қайд этилди.

​Ўз навбатида, Мустафо Дестижи ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади. У “Буюк бирлик” партияси миллий бирлик, ижтимоий адолат ва маънавий қадриятларни асраш тамойилларига таянган ҳолда, қардош туркий халқлар билан алоқаларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратаётганлигини қайд этиб ўтди.

​Мулоқот чоғида Туркий давлатлар ташкилотининг кўп томонлама ҳамкорлик майдони сифатидаги ролига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу тузилма сўнгги йилларда институционал жиҳатдан мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий, илмий-таълим ва маданий соҳаларда ўнлаб аниқ лойиҳалар билан бойиётгани эътироф этилди.

​Ўзбекистон томони “Буюк бирлик” партиясининг туркий халқлар ўртасида яқин ҳамкорлик ғояларини илгари суриш ва маданий ўзликни сақлаш борасидаги фаолиятига юксак ҳурмат изҳор этди. Партиялараро ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилиш доирасида келажакдаги асосий фаолият йўналишлари белгилаб олинди. Партия қурилиши соҳасида тажриба алмашиш, қўшма ижтимоий ташаббусларни илгари суриш, ​ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ​халқаро форумлар ва илмий-маърифий лойиҳаларда фаол иштирок этиш шулар жумласидан.

​Таъкидланганидек, бундай ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги барқарор ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. 

​Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Партиялараро мулоқот давлатлараро муносабатларни тўлдирувчи муҳим омил сифатида Ўзбекистон-Туркия шериклигини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.


O'zLiDeP Матбуот хизмати

Сайтни янги дизайни ёқдими?