Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўзбекистоннинг глобал ташаббуслари ва Янги Марказий Осиё истиқболлари

04.10.2025
581

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида нутқ сўзлаб, дунёда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, халқаро хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалалари юзасидан ўз қарашларини билдирди. Давлатимиз раҳбари БМТнинг халқаро ҳамжамият учун асосий мулоқот майдони сифатида аҳамиятини қайд этиб, унинг Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш зарурлигини таъкидлади. Бу таклиф ривожланаётган давлатлар манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президентимиз нутқида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, камбағаллик даражасининг 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқариши, таълим ва илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, “яшил” энергетика ҳамда саноат инфратузилмасининг ривожланиши каби натижалар алоҳида тилга олинди. Бу ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш ва Янги Ўзбекистон консепсиясини амалга оширишда муҳим қадамлар сифатида баҳоланди.

Минтақавий сиёсатга тўхталар экан, давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Марказий Осиёда чегараларнинг очилиши, савдо ва инвестисия ҳажмининг беш баробарга ошиши, йирик инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилаётганини қайд этди. У бу жараённи “Янги Марказий Осиё” шаклланиши сифатида баҳолаб, минтақанинг халқаро муносабатларда алоҳида субект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётганини таъкидлади.

Президентимиз глобал хавфсизлик масалаларида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, Ғазо ва Украинадаги низоларни дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, терроризмга қарши кураш ва қайта интеграция масалаларида халқаро ҳамкорликни кучайтириш ташаббусларини илгари сурди.

Иқлим ўзгариши ва Орол муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган амалий ишлар – Орол денгизи тубида 2 миллион гектар майдонга чўл ўсимликлари экилиши, Сувни тежаш бўйича Жаҳон форумини ташкил этиш таклифини халқаро ҳамжамият учун долзарб ташаббус сифатида намоён этди.

Ёшларнинг глобал тинчлик жараёнларидаги иштироки, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” ташаббуси, шунингдек, Ислом сивилизацияси маркази фаолияти мамлакатнинг маданий ва маънавий меросини тарғиб қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг нутқи Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини янада мустаҳкамлаб, уни глобал ва минтақавий сиёсатда фаол иштирок этувчи давлат сифатида намоён этди.

Абдулло Аслонов,
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Сайтни янги дизайни ёқдими?