Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

O‘zLiDeP сайловолди дастурининг ярим йилликдаги ижроси муҳокама қилинди

11.08.2025
1059

Жорий йилнинг 11 август куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиянинг 2025–2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш юзасидан шу йилнинг биринчи ярим йиллигида олиб борилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, партия Сайловолди дастури Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг бўлиб, мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашда ўзаро уйғун мақсад ва вазифаларни қамраб олган. Айниқса, бу ҳамоҳанглик, аввало, иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш каби йўналишларда яққол намоён бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан кейинги йилларда илгари сурилаётган ташаббуслар, хусусан, инновацияга асосланган ривожланиш, рақамли иқтисодиётни кенг жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамплаш каби узоқни кўзлаб амалга оширилаётган устувор мақсад ва вазифалар ЎзЛиДеП Сайловолди дастурининг устувор йўналишларига тўла мос келади.

Шундан келиб чиқиб, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, партия ўз дастури орқали мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлайди ва бу йўлда барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этади. Хусусан, Президентимизнинг яқинда БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида илгари сурган ташаббусларини нафақат миллий, балки минтақавий аҳамияти юксак эканини эътироф этади.

Йиғилишда партиямизнинг ўтган 6 ойлик фаолияти давомида Президентимиз ички ва ташқи сиёсатига ҳамоҳанг равишда аҳоли билан мулоқот қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва улар учун солиқ юкини камайтириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратди. Шу йўналишдаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, қонунларни қабул қилишда ҳам электоратимиз манфаатларини инобатга олишга ҳаракат қилингани алоҳида таъкидланди. Дастуримизнинг халқпарварлиги партиямиз аъзолари ва бошланғич партия ташкилотлари сафини кенгайишига хизмат қилмоқда. Ўтган ярим йилликда қуйи бўғинларимиз сони 199 тага кўпайиб, аъзоларимиз сони 2 миллион 19 минг нафарга етди.  

Хусусан, фракциямиз Қонун ижодкорлиги йўналишида ўтган ярим йилда 1 та қонун лойиҳаси ишлаб чиққан бўлса, 7 та қонун лойиҳаси ҳамташаббускор сифатида иштирок этди. Мазкур қонунлар тадбиркорлик эркинлигини кенгайтиришдан тортиб сунъий интеллект, ноширлик фаолияти ва диний соҳадаги давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган. Шу билан бирга, парламент ва депутатлик назорати доирасида вазирлар ва давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди, 21 та депутатлик сўрови юборилди. Шунингдек, фракция аъзолари мамлакатимизни 2025 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари доирасида белгиланган муҳим вазифаларнинг ижро этилишини ўрганиш бўйича Қонунчилик палатасининг гуруҳлари таркибида бўлиб, жойларда ўрганишлар олиб борди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи чораги давомида Президентимиз раислигида бўлиб ўтган йиғилишларда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Фракция аъзолари ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳи, бошланғич партия ташкилотлари вакиллари билан биргаликда маҳаллалар билан ишлаш, аҳоли муаммолари ва мурожаатларини ҳал қилиш, энг чекка ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни Жиззах, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Андижон ва Хоразм вилоятлари кесимида ўрганишлар олиб борилди.

Уда фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти, қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлиги, кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш жараёнлари ўрганилди. Шунингдек, аҳолини сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича манзилли дастурлар ижроси, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тизимли ижтимоий муаммоларга оид масалалар муҳокама этилди. Бундан ташқари, давлат-хусусий шерикчиликни кенгайтириш, инвестиция дастурлари ижроси, қурилиш, энергетика, шу жумладан, энерготежамкорлик масалалари аҳоли пунктларини жамоат транспорти билан қамраб олиш ҳолати эътибор марказида бўлди.

Маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз эса 2581 та депутатлик сўрови юбориб, 1006 марта ижро орган раҳбарларининг ҳисоботини эшитди, 78 масала сессияларга киритилди. “Депутат ва тадбиркор мулоқот форуми” ҳамда “Депутат инвесторга мададкор” лойиҳалари орқали тадбиркорларнинг муаммолари ҳал этилди. Шунингдек, ўтган ярим йилликда партия тузилмалари, депутатлар, фаоллар ва экспертлар билан ҳамкорликда 436 марта тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, 13 мингдан ортиқ тадбиркор қамраб олинди. Уларнинг 8 мингдан зиёди ҳуқуқий ва иқтисодий маслаҳатлар олди, 800 дан ортиқ мурожаат амалда ҳал қилинди, қонунчиликка 70 дан зиёд таклиф тайёрланди. Мурожаатлар билан ишлашда 1396 мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Бугунги кунда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун кенг шароитлар яратилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни ўрганиш, IT соҳасида янги иш ўринлари яратишга қаратилган партиявий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.

Ўтган ярим йилликда партиямиз томонидан ташкил этилган 272 та ана шундай тадбирда 84 минг ёш иштирок этди. “Ёш тадбиркорлар Лигаси”, “Диплом билан бизнесга”, “Менинг ғоям” каби лойиҳалар орқали ёшларнинг бизнесга кириш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Хориждаги ёш ватандошлар билан мулоқот ўрнатилиб, “Ватандошлик овози” ва “Ватандошга маслаҳат” лойиҳалари амалга оширилди.

Аҳоли қатламларига манзилли ёрдам кўрсатишда “Аёллар қаноти”нинг ўрни катта. Ярим йилда 1776 тадбир ўтказилиб, 69 мингдан зиёд хотин-қиз қамраб олинди. “Ишбилармон аёл - 2025” танлови, “Бунёдкор аёллар”, “Саломатлик сари”, “Фаровон оила” каби лойиҳалар орқали минглаб аёллар ишга жойлаштирилди, кредитлар ажратилди, ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилди.

Мазкур лойиҳалар хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллгини ошириш, ишсиз аёлларни тадбиркорлик, касб-ҳунарга жалб қилиш, бандлигини таъминлаш, янги ишбилармон хотин-қизларни кашф қилишга хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ислоҳотлар олдингидан-да шиддатли тус олди. Кўплаб соҳаларга замонавий ёндашувлар, халқаро тажрибада ўзини оқлаган қатор янги тизимлар жорий этилмоқда Бундан кўзланган мақсад Янги Ўзбекистон – 2030 стретегиясида белгиланган вазифаларни тез ва сифатли амалга ошириш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, соғлом, билимли ва етук кадрларни тайёрлашдан иборатдир. Шундай экан, партия дастуридаги вазифалар ҳам замон билан ҳамнафас бўлиши талаб этилади. Ана шундан келиб чиқиб, Сиёсий Кенгаш йиғилишида ислоҳотларнинг бугунги шиддати партиямиз дастурини ўзгартиришни тақазо этаётгани қайд этилди. Йиғилишда партиянинг янгиланган дастурини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ таркиби ва вазифалари тасдиқланди. 

Йиғилишда муҳокама этилган барча масалалар бўйича қарор қабул қилинди. 

Сайтни янги дизайни ёқдими?