O'zLiDeP билан Беларусь Республикасининг “Белая Русь” партияси ўртасида мулоқот бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 12 декабрь куни Беларусь Республикасининг “Белая Русь” партиясининг янги сайланган раиси О.Чемоданова ташаббуси билан O'zLiDeP раиси А.Хаитов қатнашган видеоконференция шаклидаги учрашув ўтказилди.
Мулоқотда “Белая Русь” партияси раиси О.Чемоданова, раис ўринбосари А.Бугров, Беларусь Республикаси Миллий мажлиси вакиллар палатаси депутати А.Шпаковскийлар иштирок этди.
O'zLiDeP раиси ўз сўзида икки давлат раҳбарлари ўртасида йўлга қўйилган ишончли ва очиқ мулоқотларга асосланган стратегик ҳамкорлик натижасида Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини, шунингдек бундай кўп қиррали ҳамкорликда сиёсий партиялар халқ манфаатлари ҳамда узоқ муддатли миллий мақсадларни чуқур англаш ва илгари суришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Ўз навбатида, О.Чемоданованинг таъкидлашича, ҳозирги кунда ўзбек-беларусь сиёсий ҳамкорлиги, жумладан, икки давлат етакчиларининг дўстона муносабатлари туфайли парламентлараро алоқалар ва ёшлар дипломатияси йўналишидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. О.Чемоданова ижтимоий соҳада партиялараро муносабатларни, шунингдек, маҳаллий кенгашлар ўртасидаги алоқалар, ёшлар ва халқ дипломатиясини фаоллаштириш учун зарур шароитлар яратилганини билдирди. Шу муносабат билан О.Чемоданова “Белая Русь” партияси O'zLiDeP билан кенг қамровли алоқаларни жадаллаштиришга тайёрлигини маълум қилиб, турли йўналишларда барқарор ҳамкорлик ўрнатишга катта қизиқиш билдирди.
O'zLiDeP раиси партиялар ўртасида икки томонлама алоқаларни тизимли равишда ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини тузиш таклифини илгари сурди.
О. Чемоданова мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, меморандумни ишлаб чиқиш учун қўшма ишчи гуруҳ тузиш, унда ёшлар ва аёллар “қанотлар”и ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорлик ва инновациялар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, гуманитар ҳамкорликнинг янги шаклларини ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади.
Томонлар, шунингдек, қўшма форумлар ва давра суҳбатларини ташкил этиш орқали сиёсий тажриба алмашишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.