O'zLiDeP делегацияси Душанбе шаҳридаги халқаро форумда иштирок этди
Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида “Сиёсий партиялар ва ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусида халқаро сиёсий партиялар форуми бўлиб ўтди. Тожикистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ташкил этилган мазкур нуфузли анжуманда қатор дўст давлатлар сиёсий партиялари вакиллари иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси делегацияси ҳам фаол қатнашди. Делегацияга ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилик қилди. Партия етакчиси ўз маърузасида бугунги кунда сиёсий партиялар нафақат ички сиёсий жараёнларда, балки давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари сўнгги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилди. Хусусан, икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланиб, товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етгани, қўшма корхоналар ва ҳудудлараро алоқалар кенгайиб бораётгани бунинг амалий ифодаси экани алоҳида таъкидланди.
ЎзЛиДеП раҳбари партиялараро дипломатиянинг аҳамиятига тўхталар экан, сиёсий партиялар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотлар халқлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди. Айниқса, ёшлар, тадбиркорлар ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Форум якунида иштирокчилар томонидан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма мурожаатнома қабул қилинди. Мазкур анжуман партиялараро мулоқотни кучайтириш, минтақада ўзаро ишонч муҳитини янада мустаҳкамлаш ва қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.