O'zLiDeP депутати кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларини ўзбошимчалик билан тижоратга айлантиришдан хавотир билдирди
O'zLiDeP фракцияси аъзоси Дилмурод Артиқов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспексияси ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига депутат сўрови юборди.
Сўровда фуқаролар кўп қаватли уйларда ноқонуний реконструксия ва қайта қуриш ишларини олиб бораётгани муносабати билан амалдаги қонунчилик талаблари бузилаётгани қайд этилган. Хусусан, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида юзага келган ҳолатда бино конструкциясининг асосий кўтарувчи устуни рухсатсиз олиб ташлангани оқибатида бутун уй қулаш хавфи остида қолиб, фуқаролар эвакуатсия қилингани қайд этилган.
Таъкидланишича, бундай ҳолатлар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам учрамоқда. 2025 йил давомида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, 3 418 та обектларда қурилиш ишлари инспексия рўйхатидан ўтмасдан олиб борилгани аниқланган. Айниқса, кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларини тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан ўзгартириш ҳолатлари тизимли тус олаётгани фуқароларнинг хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Депутат сўровида ушбу ҳолатлар юзасидан текширувлар, айбдорларга нисбатан кўрилаётган чоралар, назорат тизимини кучайтириш, ноқонуний қурилишларни бартараф этиш ҳамда жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган маълумот тақдим этиш сўралган.