O‘zLiDeP депутати термитларга қарши курашиш учун ўтган йилда ажратилган 50 миллиард сўмнинг қандай сарфлангани бўйича ҳисобот сўради
Маълумотларга кўра, 2026 йил 1 июнь ҳолатида республикадаги 12 та ҳудуднинг 531 та маҳалласида, 15 мингдан ортиқ хонадонда, шунингдек, тарихий-маданий объектлар ва қабристонларда термитлар тарқалгани қайд этилган. Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган ўрганишларда айрим фуқаролар зараркунанда ҳашорат ҳисобланган - термитларга қарши курашиш учун ўз ҳисобидан 1,5 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача маблағ сарфлаётгани, аммо бу чоралар ҳар доим ҳам самара бермаётгани аниқланган.
Шу муносабат билан ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Р. Мамутов Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Фанлар академиясига депутатлик сўрови юбориб, соҳадаги мавжуд муаммолар ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан асосланган ахборот сўраган.
Сўровда 2024–2026 йилларда термитларга қарши курашиш учун ажратилган маблағларнинг, жумладан, 2025 йилда ажратилган 50 миллиард сўмнинг сарфланиш ҳолати, ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолияти самарадорлиги ҳамда термитлар тарқалишини камайтириш бўйича келгусида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар юзасидан асосланган жавоб тақдим этиш сўралди.