O’zLiDeP депутатлари куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини таҳлил қилди ва назоратга олди
O’zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда шаҳар ҳокими, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши раиси Қурбон Турсунов, маҳаллий депутатлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича шаҳарда амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди. Электр ва газ таъминоти тизимларини барқарор ишлатиш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, уй-жой фонди ва ижтимоий объектларни иситиш мавсумига тайёрлаш каби долзарб масалалар юзасидан мутасаддилар ҳисобот берди.
Ҳисоботларда таъкидланишича, Бухоро шаҳридаги 93 та трансформатор пункти ва 200 кмдан ортиқ электр тармоқлари тўлиқ таъмирланди, 3740 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди, 959 та газ маромлаш пунктлари тўлиқ техник кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ва иситиш тизимларини янгилаш ишлари ҳам изчил давом этмоқда.
Йиғилиш якунида депутатлар масъул идоралар раҳбарларига қиш мавсумида аҳоли учун барқарор энергия таъминотини таъминлаш, иситиш тизимларидаги муаммоларни жойида бартараф этиш ҳамда назоратни кучайтириш бўйича аниқ тавсия ва таклифлар бердилар.
 
                                 
                                 
                                 
                                     
                                                            
                                                         
                                                            
                                                         
                                                            
                                                         
                                                            
                                                         
                                                                                                         
                                                                                                         
                                                                                                         
                                                                                                        