O‘zLiDeP депутатларига агросаноатни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди
Бугун O‘zLiDeP фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг “Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун агрологистика марказларини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда аграр соҳани рақамлаштириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан 2,8 млн гектар қишлоқ хўжалиги ерлари рақамли кадастрдан ўтказилди, 1,1 млн гектар майдонда экин турлари аниқлаштирилди ва 300 минг гектар ерда ҳосилдорлик кўрсаткичлари электрон реестрга киритилди. Бу фермер хўжаликлари учун аниқ ҳисоб-китоб ва тенг рақобат шароити яратишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Сув ресурсларини тежаш борасида ҳам натижалар сезиларли. Йил давомида 12 минг км ирригация каналларининг ҳолати баҳоланди ва натижада 45% ҳудудда сув йўқотилиши қисқартирилди. Сув тежамкор технологиялардан фойдаланилаётган майдонлар ҳажми эса 510 минг гектарга етди.
Фитосанитар хавфсизлик бўйича импорт-экспорт назорати кучайтирилди. Бу йил 180 мингдан ортиқ фитосанитар сертификат электрон шаклда расмийлаштирилди, 12 та янги лаборатория ускуналари ўрнатилди ва 70 дан ортиқ зараркунандалар йўналиши бўйича мониторинг олиб борилди. Натижада экспорт маҳсулотларининг халқаро талабларга мослиги 15% га ошди.
Бундан ташқари, пахта ва ғалла кластерлари бўйича молиявий ҳисобдорлик кучайди. Жорий мавсумда 2,6 млн тонна ғалла ва 3,3 млн тонна хом ашё пахта учун аниқлаштирилган баҳолаш тизими қўлланилди. Шунингдек, 1,4 трлн сўм субсидия электрон тартибда ажратилди ва унинг 98% қисмининг мақсадли сарфланиши таъминланди. Ветеринария соҳасида эса 12 млн бош ҳайвон идентификацияси якунланди, 42 та лабораторияда замонавий диагностика услублари жорий этилди.
Фракция аъзолари мамлакатимизда аграр соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ер, сув, маҳсулот сифати ва молиявий ҳисобдорликка доир барча муҳим йўналишларни қамраб олган тўлиқ ва изчил тизимни шакллантираётганини таъкидлашди. Шунингдек, рақамлаштириш, аниқ ҳисоб-китоб, фитосанитар хавфсизлик ва субсидияларни адолатли тақсимлаш каби чоралар фермер хўжаликлари фаолиятини енгиллаштириб, сифатли маҳсулот етиштиришга қулай шароит яратмоқда.
Ушбу жараёнлар натижасида соҳада шаффофлик ошиб, ресурслар тежалмоқда, маҳсулотлар экспорти кенгаймоқда. Кенг кўламли янгиланишлар аграр тармоқнинг миллий иқтисодиётга ҳиссасини мустаҳкамланиб, қишлоқ хўжалигида узоқ муддатли барқарор ривожланиш учун муҳим асос яратиб бермоқда.