O‘zLiDeP аъзоси “Мобил бизнес марказлар” тузиш таклифини берди
Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида «Инновацион тадбиркорлик ва ёшлар: Янги авлод имкониятлари» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбир «Тадбиркор ёшларнинг 1000 инновацион» лойиҳаси доирасида O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Семинарнинг асосий мақсади ёшларга замонавий бизнес асосларини ўргатиш, бизнес режа тузиш, маркетинг стратегиялари, молиявий ҳисоб-китоблар юритиш ва рақобатбардош маҳсулот яратиш бўйича амалий кўникмалар беришдан иборат бўлди. Шу билан бирга, инновацион технологиялардан фойдаланишни ўргатиш орқали ёшларни тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш кўзда тутилди.
Тадбирда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда Нукус шаҳар Кенгаши депутатлари иштирок этиб, ёшлар билан очиқ мулоқот олиб борди. Улар бозор талаблари, инновацион ёндашувлар ва бизнесдаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида тажриба алмашишди. Шунингдек, ёшлар ўз ғоя ва ташаббусларини тақдим этишди. Масалан, миллий рақслар асосида туристлар учун концерт дастури ташкил этиш, мобил хизмат кўрсатиш, экологик тоза маҳсулот етиштириш ҳамда “мобиль бизнес марказлар” тузиш таклифлари илгари сурилди.
Бу каби семинарлар ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларни мустақил қарор қабул қилишга ва бизнес йўналишида фаоллаштиришга муҳим туртки бўлмоқда.