O‘zLiDeP ҳамда “AMANAT” партияси “Аёллар қаноти” вакиллари ўртасида онлайн-мулоқот бўлиб ўтди
Мулоқотда Қозоғистоннинг “Аманат” партияси “Аёллар қаноти” ҳамраиси, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси А.Қуспан, “Отамакон” миллий тадбиркорлар палатаси қошидаги тадбиркор аёллар кенгаши раиси Л.Рамазанова, “Аманат” партияси “Аёллар қаноти” вакиллари, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари Д.Файзиева ва Г.Худаяровалар, шунингдек, O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” фаоллари иштирок этди. Мулоқотга икки давлат ҳудудий партия кенгашлари ҳам онлайн тарзда уланганлиги унинг амалий аҳамиятини янада оширди.
Мулоқот давомида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар етакчилигини ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида аёллар иштирокини янада кенгайтириш борасида ўз мамлакатларининг етакчи кучлари бўлган O‘zLiDeP ва “Аманат” партияларида тўпланган тажриба хусусида фикр алмашилди. Икки мамлакатда бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган имкониятлар ва ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан фикрлар билдирилди.
Шунингдек, тадбиркор аёлларни рағбатлантириш, улар учун замонавий электрон бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, икки давлат тадбиркор аёллари ўртасидаги яқин ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришда партиявий имкониятларни ишга солиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Мулоқот сўнггида томонлар бундай учрашувни мунтазам ўтказиб боришга келишиб олишди.