O'zLiDeP ишчи гуруҳи: Қашқадарёда Давлат дастури лойиҳаси бўйича таклифлар билдирилди
Қашқадарё вилоятида O'zLiDeP раиси Актам Хаитов бошчилигида ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида 2026 йилда амалга оширилиши белгиланган устувор ислоҳотлар ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегияси асосидаги Давлат дастури лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда мазкур дастурнинг партия сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар билан уйғунлиги алоҳида қайд этилди.
Муҳокамалар жараёнида Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар — камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, “оғир” маҳаллаларда иш ўринлари яратиш масалалари ишчи гуруҳ аъзолари томонидан атрофлича таҳлил қилинди. 1 миллион аҳолини иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш 2026 йил учун асосий устувор вазифалар экани таъкидланди.
Йиғилишда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, маҳалла кесимида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар юзасидан фикрлар билдирилди. Хусусан, имтиёзли кредитлар, “оғир” туман ва маҳаллалар учун алоҳида молиявий механизмлар жорий этилаётгани аҳолини ишли қилиш ва барқарор даромад манбаларини яратишда муҳим омил экани қайд этилди. Бу борада партия ташкилотлари томонидан жойларда манзилли таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида партия депутатлик гуруҳлари ва қуйи бўғинлар олдида Давлат дастури лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамасида фаол иштирок этиш, аниқ ва амалий таклифлар киритиш, Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия фаоллигини янада ошириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.