O’zLiDeP ишсиз аёлларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатяпти
O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Урганч шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида ишсиз аёллар учун маҳорат дарси ташкил қилинди.
Тадбирда иштирок этган хотин-қизлар мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари, имтиёзли кредитлар, субсидия ва грантлар ҳақида батафсил маълумот олдилар. Шу билан бирга, муваффақиятга эришган тадбиркор аёллар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, янги иш бошламоқчи бўлган хотин-қизларга амалий маслаҳатлар бердилар.
— Бугун аёлларнинг жамиятдаги ўрни беқиёс. Биз уларни нафақат ижтимоий соҳада, балки иқтисодиётнинг барча йўналишларида ҳам фаол кўришни истаймиз. Шу боис партиямиз ишсиз аёлларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларни бизнесга ўргатиш ва молиявий кўмак бериш йўналишида изчил иш олиб бормоқда, — деди халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутати Муборак Жуманиязова.
Тадбир иштирокчилари “Ишга марҳамат” мономарказида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Марказда 24 турдаги ўқув курслари — тикувчилик, ошпазлик, компьютер саводхонлиги, дизайн, сартарошлик ва бошқа йўналишлар бўйича амалий билимлар берилаётгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
— Мен учун бу тадбир нафақат маълумот, балки мотивация манбаи ҳам бўлди. Муваффақиятга эришган тадбиркор аёлларнинг тажрибаларини эшитиб, мен ҳам улар қатори бўлишни орзу қилдим. Шу сабаб сартарошлик бўйича ўқув курсларига ёзилдим, — дейди тадбир иштирокчиси Малоҳат Паноева.
Бундай лойиҳалар аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши ва янги имкониятлар эшигини очишига хизмат қилмоқда.
 
                                 
                                 
                                 
                                     
                                                            
                                                         
                                                            
                                                         
                                                            
                                                         
                                                                                                         
                                                                                                         
                                                                                                         
                                                                                                        