O'zLiDeP креатив тадбиркор ёшларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди
O'zLiDeP Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университетида “Креатив ёшлар — O'zLiDeP билан бирга” номли форуми бўлиб ўтди. Тадбир Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, депутатлар, партия фаоллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшларни бир майдонга жамлади. Форумда сўз олганлар талаба-ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳақида фикр билдиришди.
Учрашувда депутат Гульшана Худоярова O'zLiDePнинг “Креатив иқтисодиёт сари” лойиҳаси доирасида ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, стартап ва инновацион ғояларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Тадбирнинг асосий мақсади – ёшларнинг креатив фикрлаши ва инновацион ташаббусларини рағбатлантириш, уларни амалиётга татбиқ этиш учун шарт-шароит яратишдан иборат экани таъкидланди.
Форум доирасида ёшлар ўзларининг креатив лойиҳалари ва стартап ишланмаларини тақдим этдилар. Миллий брендга айланиш салоҳиятига эга кўргазмалар намойиш қилинди, вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан таклифлар қабул қилинди. Тадбир якунида партия фаолиятида фаол иштирок этган ёшларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилиб, уларнинг келгуси ташаббусларига катта ишонч билдирилди.