O‘zLiDeP кубоги – спорт, дўстлик ва ҳамжиҳатлик кўпригига айланиб бормоқда
Андижон шаҳридаги 3-умумий ўрта таълим мактабида O‘zLiDeP ташкил топганининг 23 йиллиги муносабати билан O‘zLiDeP кубоги спорт мусобақаси ўтказилди.
Партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасидаги “Соғлом ҳаёт марафони” акцияси доирасида ташкил этилган беллашувда вилоятнинг 16 та туман ва шаҳрида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда иштирокчилар ўз маҳоратларини намоён этиш билан бирга, бошқа ҳудудлардаги партия фаоллари билан тажриба алмашиш имконига эга бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, Бўстон тумани вакили Достон Абдураҳимов биринчи, Шаҳрихон тумани вакили Бахтигул Турсунова иккинчи, Марҳамат тумани вакили Сабоҳат Маманова эса учинчи ўринни эгаллади.
“Соғлом ҳаёт марафони” акцияси орқали маҳалла ва корхоналарда спорт тадбирларини ташкил этиш, аҳолини жисмоний фаолликка жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда тадбиркорларнинг ижтимоий ташаббуслардаги иштирокини ошириш кўзда тутилган. Андижондаги мазкур мусобақа ҳам партия фаолларини спорт майдонида бирлаштириб, ўзаро дўстлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.