O‘zLiDeP маҳаллаларда ишбилармон аёлларни кашф қилмоқда
“Маҳалланинг ишбилармон аёли” — хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири бўлиб, бугун у мамлакатимизнинг барча ҳудудларида изчил амалга оширилмоқда.
Куни кеча ана шу лойиҳанинг Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа доирасида ташкил этилган саралаш босқичи маҳаллада фаолият юритаётган тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес ғояларини оммалаштириш ва янги ташаббусларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу лойиҳа чекка ва олис маҳаллаларда истиқомат қилувчи хотин-қизларни ҳам тадбиркорликка кенг жалб этмоқда. “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси аёлларда бизнесга бўлган қизиқишни кучайтириб, амалий кўникмаларни шакллантириш, ўз кучига ишончни мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллаларда иқтисодий фаол муҳитни яратишга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида тикувчилик, таълим, мактабгача таълим ва иссиқхона йўналишларида фаолият олиб бораётган ишбилармон аёллар ўз лойиҳалари ва ютуқлари билан қатнашдилар. Улар томонидан яратилган иш ўринлари, жорий этилаётган замонавий ёндашувлар ҳамда маҳалланинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва таълим хизматлари сифатини оширишга қаратилган ташаббуслар алоҳида эътироф этилди ва энг муносибларга танловнинг кейинги босқичига йўлланмалар берилди.