O‘zLiDeP мулоқотида тадбиркорларнинг рақамли хизматлардан фойдаланишига тўсиқ бўлаётган бюрократик муаммолар кўтарилди
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Иқтисодиётни рақамлаштириш ва бизнесни модернизация қилиш йўллари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, IT мутахассислари, тадбиркорлар ва стартапчилар иштирок этиб, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Асосий эътибор рақобатбардош рақамли муҳит яратиш, бизнес учун қулайликларни кенгайтириш ва иқтисодиётнинг рақамли трансформациясига қаратилди.
Муҳокамалар давомида рақамли иқтисодиётнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш, давлат хизматларининг рақамлашув даражасини ошириш, солиқ ва молия соҳасида рақамли тузилмаларни жорий этишда юзага келаётган муаммолар тилга олинди. Айниқса, тадбиркорлар учун рақамли хизматлардан фойдаланишдаги бюрократик тўсиқлар, онлайн платформаларнинг етарли интеграция қилинмагани ва кадрлар салоҳиятининг етишмаслиги долзарб масала сифатида қайд этилди. Электрон тўловлар ва онлайн лицензиялаш тизимлари тўлиқ ишламаётган ҳудудлар борлиги ҳам асосий муаммолар қаторида тилга олинди.
Тадбирда рақамли ислоҳотларни тезлаштириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, “Digital Business Uzbekistan” ягона платформасини яратиш, тадбиркорлар учун ягона электрон хизматлар портали ташкил этиш, IT соҳасида кадрлар тайёрлашни кучайтириш, электрон шартномалар ва онлайн лицензиялаш тизимини соддалаштириш таклиф этилди. Шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигини IT соҳасига жалб қилиш учун махсус грант дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган фикрлар ҳам тадбирнинг амалий аҳамиятини янада очиб берди. Депутатлар рақамли иқтисодиётни “янги фикрлаш тарзи” сифатида баҳолаган бўлса, вазирлик вакиллари рақамли хизматларни жорий этишда жамоатчилик иштироки муҳимлигини қайд этди. Стартап вакиллари рақамли иқтисодиётнинг ёшлар учун инновацион ривожланиш имкониятларини кенгайтиришига алоҳида эътибор қаратдилар. Тадбир якунида O‘zLiDeP рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ва доимий мулоқот майдончасини ташкил этишни режалаштирганини маълум қилди.