Asosiy kontentga o‘tish
Сешанба 20-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

O'zLiDeP қорақалпоқлик креатив тадбиркор ёшларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлайди

20.10.2026
83

O'zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Нукус шаҳрида «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида «Креатив тадбиркор ёшлар» форуми ташкил этилди. Унда ёшлар ўз стартап лойиҳаларини тақдим этиб, замонавий технологиялар орқали мавжуд муаммоларга ечим топиш борасидаги ғоялари билан ўртоқлашдилар.

Танловда биринчи ўринни Шуманай туманидан Каримбергенов Худайбергеннинг «Ақлли аптечка» лойиҳаси эгаллади. Ушбу қурилма дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилишни эслатиш, саломатликни кузатиш ва зарур ҳолларда тез тиббий ёрдамга хабар бериш имкониятларини бирлаштиради. Лойиҳа, айниқса, кекса ёшдагилар, доимий дори қабул қиладиган беморлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун муҳим қулайлик яратишга қаратилган.

Иккинчи ўринни 18 ёшли тадбиркор Максетов Торебекнинг «Shartli» мобил дастури, учинчи ўринни эса Атажанова Аразтажнинг «EcoDrop Anti-Termite» лойиҳаси қўлга киритди. «Shartli» қарз, насия ва ижара муносабатларини рақамлаштириш, электрон шартномалар тузиш ва тўловларни назорат қилишга ёрдам беради. Муаллиф тақдим этган маълумотларга кўра, лойиҳа учун Қорақалпоғистондан 40 минг, Англиялик инвесторлардан эса 20 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинган. «EcoDrop Anti-Termite» эса қизилмия илдизи асосида термитларга қарши биологик восита яратиш орқали уй-жойлар ва тарихий обидаларни ҳимоя қилишни мақсад қилган.

Форум доирасида кўргазма, бизнес-марафон ва сунъий интеллект, веб-дастурлаш ҳамда киберхавфсизлик бўйича семинарлар ҳам ўтказилди. Бу каби ташаббуслар ёшларнинг ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш, инвестиция жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратиш учун муҳим имкониятдир. Энг муҳими, ёшлар нафақат ўз келажагини, балки ҳудуд иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшадиган янги ечимларни ҳам яратмоқда.

Сайтни янги дизайни ёқдими?