O'zLiDeP раҳбар-ходимларининг сиёсий ва профессионал салоҳияти оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда давлат органлари билан бир қаторда жамоат ташкилотлари ва сиёсий партиялар ҳам ўз олдиларига аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олмоқда. Айниқса, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, аҳоли билан очиқ мулоқот олиб бориш ҳамда ислоҳотларнинг жойларда самарали амалга оширилишини таъминлашда партиялардан юқори ташаббускорлик талаб этилмоқда. Шу мақсадда, сиёсий партиялар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, раҳбар-ходимларнинг сиёсий ва профессионал салоҳиятини оширишга қаратилган ўқувлар тизимли равишда ташкил этилмоқда.
Хусусан, O‘zLiDeP туман ва шаҳар Кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосари — аппарат раҳбарлари учун сиёсий ва профессионал малакасини оширишга қаратилган икки кунлик ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Ўқув-семинардан кўзланган асосий мақсад партия раҳбар-ходимларининг сиёсий-стратегик фикрлашини кучайтириш, депутатлик гуруҳлари фаолиятини самарали бошқариш, жамоатчилик билан ишлаш ҳамда натижага йўналтирилган партия фаолиятини шакллантиришдан иборат бўлди. Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, сиёсий жараёнлар ва жамият тараққиётининг янги босқичи партия ходимларидан юқори даражадаги сиёсий билим, замонавий кўникма ва касбий малака талаб этмоқда.
Семинар давомида “Янги Ўзбекистон” шароитида партия олдида турган вазифалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросида O‘zLiDePнинг ўрни, партия мафкурасининг устувор йўналишлари, сайловолди дастурида белгиланган 5 мақсад ва 500 вазифани амалиётга татбиқ этиш механизмлари, O‘zLiDeP фракцияси ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари атрофлича ёритилди.
Шунингдек, жамоатчилик назорати ва қонун ташаббускорлиги, парламент ва депутат назорати, депутат сўровлари, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш босқичлари, аёллар ва ёшлар билан ишлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли ечимлар, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, замонавий PR технологиялари ҳамда ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўйича амалий маҳорат дарслари ўтказилди.
Ўқув-семинар доирасида жойларда партия ғояларини тарғиб қилиш, бошланғич партия ташкилотларининг ўрни ва роли, улар фаолиятини маҳалла ҳаёти билан узвий боғлаш, аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва депутатлик гуруҳлари орқали ҳал этиш масалалари бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди.
Таъкидланганидек, жорий йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинган бўлиб, партия олдида маҳаллаларни ривожлантириш, аҳоли муаммоларига жойида ечим топиш, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш каби устувор вазифалар турибди.
Семинарда депутатларнинг халқ орасида фаол иш олиб бориши, сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиши, мурожаатларни назоратга олиб, аниқ ечимлар ишлаб чиқиши партия фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири экани алоҳида қайд этилди. Шу орқали халқ дарди билан яшайдиган, натижага йўналтирилган партия тизимини шакллантириш мақсад қилинди.