O‘zLiDeP раҳбари маҳаллада аҳоли даромадларини ошириш ишлари билан танишди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида партия Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Сирдарё туманида бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди. Ташриф давомида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий вазият, аҳоли даромадларини ошириш ва мавжуд муаммолар жойида ўрганилди.
“Қуёш” маҳалла фуқаролар йиғинида кам таъминланган оилалар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди. Ҳар бир масала юзасидан амалий ечимлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. Бу жараён партиянинг халқ билан доимий мулоқотда бўлиш ва уларнинг муаммоларига амалий ечим топишга қаратилган ишларини намоён этди.
Шунингдек, маҳаллалардаги инфратузилма, бандлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам ўрганилди. Маҳалла “еттилиги” фаолияти таҳлил қилиниб, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Ўрганиш давомида хонадонларнинг томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, қўшимча даромад манбалари яратиш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.