Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

ЎзЛиДеП сайловолди дастури лойиҳаси фермерлар даврасида муҳокама қилинди

25.08.2024
1134

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайловолди дастури лойиҳасини кенг аҳоли қатлами, партия электорати бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар, ёинки барча соҳа вакиллари иштирокида қизғин муҳокамаларни олиб боряпти.

Қибрай туманидаги “Баҳор гуллари” МЧЖда ташкил қилинган ЎзЛиДеП сайловолди дастури муҳокамасида вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркор ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди. Йиғилишда партия раҳбари Актам Хаитов ўтган 5 йил давомида ЎзЛиДеП ташаббуси билан фермерликни ривожлантириш йўналишида амалга оширилган ишлар хусусида гапириб берди. Жумладан, ўтган йилларда “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун билан янги ва фойдаланишдан чиққан 464 минг гектар майдонни ўзлаштириш ҳамда кластерларга очиқ танлов асосида ажратиш белгиланди. Шунга мувофиқ, 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш эвазига аҳолига очиқ танлов асосида узоқ муддатли ижарага бериш ишлари бошланди. Партия бу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган. Хусусан, партия давлат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан, фермерларнинг ўз ҳосилини тасарруф этиш ва нарх белгилашига аралашувини қатъий тақиқлаш, “Агросаноат кластерлари тўғрисида”ги қонунини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ҳақиқий бозор активига айлантириш, ижара ҳуқуқини бўлиб сотиш, ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш учун қонуний базани такомиллаштиришни ўзининг устувор вазифаси, деб белгилаган. Партия аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотига бўлган талабини тўла қондириш ва ички бозорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари барқарорлигига эришишни ўзининг бош вазифаси, деб билади.

Шунингдек, келгуси 5 йилликда ҳар бир маҳаллада етиштирилган маҳсулотни қабул қилиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишга кўмаклашувчи шахобчалар ташкил этиш, деҳқон хўжаликлари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, органик маҳсулот етиштираётган фермер хўжаликлари учун солиқ имтиёзларини жорий этиш масалаларига ҳам партия жиддий эътибор қаратади.

Муҳокама иштирокчилари фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши имкониятларини кенгайтиришни, уларга ажратилган кредитларни қайтариш муддатларини мавсумийликдан келиб чиққан ҳолда белгилашни таклиф қилишди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорва молларини суғурталаш тизимини такомиллаштириш, хориждан серҳосил, касалликларга чидамли ўсимлик уруғлари ва кўчатлари олиб киришдаги мавжуд тўсиқларни олиб ташлашда партиядан ёрдам кутишларини изҳор қилишди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?