O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда партия ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан ўтган даврда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2003 йил 15 ноябрда ташкил этилган партия бугун мамлакатимиздаги етакчи сиёсий кучлардан бирига айланди. Айни пайтда партия сафида 2 миллион 400 мингдан зиёд аъзо бирлашган бўлиб, улар 17 мингдан ортиқ бошланғич партия ташкилоти орқали фаолият юритмоқда. Бу эса партиянинг жамиятдаги ўрни ва электорат билан ишлаш имкониятлари ортиб бораётганидан далолат беради.
Мажлисда партиянинг қонун ижодкорлиги, парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик фаолияти, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш ва партия ташаббусларини ҳаётга татбиқ қилиш борасидаги натижаларга эътибор қаратилди.
Алоҳида таъкидланганидек, «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, хонадонбай ўрганишлар ўтказиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш ва фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Йиғилиш якунида эришилган натижалар билан бирга мавжуд камчиликлар ҳам муҳокама қилиниб, партия фаолияти самарадорлигини янада ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ва аҳоли ишончини мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.