Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

24.03.2025
860

Жорий йилнинг 24 март куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда дастлаб “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да давлат дастурида белгиланган ҳар бир вазифа халқимиз ҳаётини янада фаровонлаштириш, мамлакатимиз салоҳиятини янада оширишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Эътиборлиси, давлат дастурида назарда тутилган атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” борасидаги вазифалар партиямиз сайловолди дастуридан ўрин олган кўплаб ташаббус ва ғоялар билан муштарак.

Масалан, дастурдан ўрин олган Орол денгизи тубида 100 минг гектар “яшил майдон” барпо этиш ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни 2,1 миллион гектарга етказиш каби мақсадлар партия сайловолди дастуридан ўрин олган вазифаларга батамом мос. Шунингдек, республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш,  давлат-хусусий шериклик асосида йирик  “яшил энергия станцияларини барпо этиш ҳамда 2025 йил 1 июнга қадар “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати доирасида махсус платформани ишга тушириш каби вазифалар ҳам ЎзЛиДеП таклиф-ташаббусларига ҳамоҳангдир.

Ижтимоий йўналишга алоҳида эътибор қаратаётган партиямиз 3,5 минг камбағал оила фарзандларини олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлайди. Жамоатчилик, экофаоллар ва бизнес вакилларининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш таклифини ҳам фаолларимиз маъқулламоқда. Шунингдек, давлат бюджети маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланишда парламент назоратини янада кучайтириш бўйича баён этилган вазифалар мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий равожига ҳисса қўшади.

Йиғилишда партиянинг жорий йил ўтган даври мобайнида амалга оширган ишларига ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, ўтган даврда партия фракцияси аъзолари бошқа фракциялар аъзолари билан биргаликда 5 та қонун лойиҳасига ҳамташаббускор бўлишди. Фракция аъзоларининг ташаббуси ва бевосита иштирокида жами 27 та тадбир, шу жумладан, 7 та семинар, 7 та давра суҳбати ва ташкил этилди. Мазкур даврда 13 маротаба фракция йиғилиши ўтказилиб, уларда 124 та масала кўриб чиқилди.

Шунингдек, фракция ташаббуси билан “Ҳукумат соати”да Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг ахбороти, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И. Эргашевнинг Парламент сўровига жавоби  эшитилди. Бундан ташқари, фракция томонидан ҳисобот даврида Вазирлар Маҳкамасининг, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Махкамованинг, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л. Қудратовнинг, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг (Омбудсманнинг), Болалар омбудсманининг ахборот ҳамда маърузалари эшитилди.

Фракция аъзолари томонидан партия сайловолди дастуридаги вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига 8 та депутат сўрови юборилди.

Шунингдек, ўтган даврда партиянинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича лойиҳалари танқидий таҳлил қилинди.

Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши курашиш учун 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади. Бу жараёнда партиямиз ва фракциямиз янада кўпроқ ва масъулият билан ишлаши талаб этилади.

Президентимиз белгилаб берган барча ташаббуслари асосида партиямизнинг узоқ муддатли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Жойларда партиямиз қуйи бўғинларидан тортиб, Қонунчилик палатасидаги фракциясигача – барча вакилларимиз фаол иш олиб боришади.

Шунингдек йиғилишида Давлатимиз раҳбарининг кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашувида белгиланган долзарб масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бу бизнинг стратегик йўлимиз экани таъкидланиб, тадбиркорликни жадал ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодий қудратли ва халқимиз фаровон ҳаётининг кафолати экани қайд этилди.

Йиғилишда кичик ва ўрта тадбиркорлар сони беш йилда 2 карра кўпайгани, иқтисодиётнинг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бири шу соҳа вакиллари ҳиссасига тўғри келаётгани эътироф этилиб, жорий йилда ҳам мазкур соҳага жиддий эътибор қаратилиши таъкидланди. Жумладан, кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги улушини 55 фоизга кўтариб, 70 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш, янги бозорларга кириб боришда транспорт, сертификат ва стандарт масалаларига кўмаклашиб, кичик бизнес экспортини ўтган йилги 9 миллиарддан 12 миллиард долларга олиб чиқиш вазифаси қўйилди.

Сиёсий Кенгаш йиғилишда давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуслари партиямиз сайловолди дастуридаги вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг экани қайд этилди.

Йиғилишда Президентимизнинг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан видеоселектор шаклида бўлган учрашувининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида ҳам фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар учун манфаатли иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини молиялаштиришга кўмаклашиш йўналишида тизимли иш олиб бориш, ёшлар бандлиги ва ишбилармонлигини фаол қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш учун микромолиялаш хизматларини кенгайтириш каби йўналишларда илгари сурган таклиф-ташаббуслари партиямиз сайловолди дастурига ўйғун ва ҳамоҳанг экани қайд этилди.

Шунингдек, Президентимизнинг “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори мазмун-моҳияти ҳам муҳокама қилинди. 2 миллион нафар хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, 250 минг нафар хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, 250 минг нафар хотин-қизларни эса олий таълим билан қамраб олиш ва 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни санаторийларда соғломлаштириш ҳамда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича семинарлар ташкил этиш каби вазифалар аёлларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаши эътироф этилди.

Йиғилишда кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?