O'zLiDeP ташаббуси: “Ёшлар дипломатияси ва етакчилик” форуми ёшлар салоҳиятини бирлаштирди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Ёшлар дипломатияси ва етакчилик” мавзусида форум ўтказилди.
Унда партия фаоллари, депутатлар ва ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинади. Юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш борасида Президентимизнинг кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилиниб, улар доирасида ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 30 июнь — “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев халқаро минбарларда ҳам доим ёшлар масаласига алоҳида урғу беради. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам Президентимиз томонидан айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилган эди.
Бу халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қаршиланди. Ўзбекистон раҳбари бунга асос қилиб, бугун дунё миқёсида ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб кетгани, халқаро терроризм ва эсктремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини муҳим омиллар сифатида асослаб берди.
Тадбирда шу каби ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтилди. Бугун ёшлар ҳар жабҳада фаоллик кўрсатиши учун имкониятлар етарли эканлиги, улар юртимиздаги кенг шароитлардан самарали фойдаланган ҳолда ўзларини намоён этиши лозимлиги таъкидланди.