Asosiy kontentga o‘tish
Чоршанба 10-Сентябр 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

O'zLiDeP ва Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияcи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

09.09.2025
188

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари З.Сиракая бошчилигидаги делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Туркия делегацияси таркибига шунингдек,  “Адолат ва тараққиёт” партияси раисининг туркийзабон давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари К. Зорлу ва бошқа бир қатор расмий вакиллар кирган.

Меҳмонларни кутиб олар экан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил тараққий этиб  бораётганлигига урғу берди. Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат экани эътироф этилиб, мазкур тарихий воқеадан буён Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқалар барча йўналишларда ривожланиб бораётганини урғулади. “Айниқса, - дея таъкидлаб ўтди А.Хаитов, - ушбу муносабатлар кейинги саккиз йил ичида мутлақо янги сифат даражасига чиқди. Мамлакатимизда турк ҳамкорлар билан бирга 100дан зиёд қўшма лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда. Шунингдек, умумий қиймати 10 миллиард доллар бўлган истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилганлиги, ўзаро савдо ҳажми тобора ошиб бораётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади. Қолаверса, икки давлатнинг халқаро тузилмалар  доирасидаги фаолияти, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги самарали фаолияти икки халқни бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилмоқда”.

Партия етакчисининг таъкидлашича, ушбу муносабатлар асосида икки давлат раҳбарлари - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўған ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган муносабатлар турган бўлиб, айнан шу муносабатлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишларида жадал ривожланиб боришига мустаҳкам асос яратмоқда.

Учрашувда сўз олган Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосарлари З.Сиракая ва К.Зорлу ўз чиқишларида Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатлар Туркия халқаро муносабатларида ҳамиша муҳим ўрин тутиб келгани, бу нафақат Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда жойлашган ўзига хос ўрни, балки икки халқни юз йиллар давомида бирлаштириб турган тарихи билан ҳам боғлиқлигига урғу бердилар. Икки мамлакат етакчилари мустаҳкам асосини яратиб берган ўзаро яқинлик йўналишидаги саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон ва Туркия етакчи сиёсий кучлари ҳам ўз ҳиссасини қўшиши мақсадга мувофиқлигига эътибор қаратиб ўтдилар.

Учрашувда партиялараро алоқаларни мустаҳкамлаш ушбу мақсадларга эришишда муҳим восита эканига урғу берилди. Ҳар икки партиянинг аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатлар ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожланишини таъминлаш йўлидаги ҳаракатлари бир-бирига уйғунлиги, уларни амалга оширишда халқаро ҳамкорлик механизмларини ишга солиш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканлиги қайд этилди.

Учрашув якунида икки партия ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва унга аниқ мазмун бағишлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Мазкур ҳужжат доирасида партиявий қурилиш масалаларида тажриба алмашиш, икки давлат парламентлари ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳлари ўртасида, ёшлар ва аёллар қанотлари ўртасида алоқаларни ривожлантириш масалалари кўзда тутилган. Қолаверса, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида, тадбиркорлик субъектлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш, икки партия таҳлилий марказлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш масалаларига ҳам урғу берилган.

Бундай яқин партиялараро ҳамкорлик халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?