O‘zLiDeP ва Япония Либерал-демократик партияси ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди
Бугун O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Япония Либерал-демократик партияси билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Япония Либерал-демократик партияси (ЯЛДП)нинг Таро Коно бошчилигидаги партия халқаро бюроси раҳбарияти ва мамлакат парламентидаги депутатлари иштирок этишди.
O‘zLiDeP студиясидан партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов, партия Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари қатнашишди.
Учрашувда, шунингдек, Токио шаҳридаги студиядан Ўзбекистоннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси М.Т.Абдурахмонов иштирок этди.
Учрашув давомида томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон–Япония муносабатларининг кенг қамров касб этиб бораётганлиги, ҳамккорлик муносабатлари иқтисодий соҳадан ташқари маданий, гуманитар соҳаларни ҳам қамраб олаётганлигига урғу беришди.
Муносабатларнинг янги даражага кўтарилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2025 йил декабрь ойидаги Японияга расмий ташрифи давомида амалга оширилган учрашувлар ва имзоланган келишувларнинг алоҳида ўрни таъкидлаб ўтилди. Айниқса, икки томонлама муносабатларнинг кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтарилганлиги муносабатларнинг янги сифат даражасидан далолат беришига эътибор қаратилди.
Япония томони Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда таълим, иқтисодиёт ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билан қараётганлигини таъкидлади. Ушбу йўналишлардаги ҳамкорликнинг самарали амалга оширилишида етакчи сиёсий партияларнинг ҳамкорлиги муҳим ўрни тутиши қайд этилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдиришди ва бу борада амалга ошириладиган аниқ қадамлар белгилаб олинди.
Учрашув конструктив ва дўстона руҳда ўтди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати