O‘zLiDeP вакиллари паркентлик уруш қатнашчиси ҳолидан хабар олди
Тошкент вилояти Паркент тумани “Номданак” қишлоғида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Анорбой Жалилов ҳолидан хабар олинди. Тадбир O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев бошчилигида партия фаоллари иштирокида, “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилди.
1924 йилда туғилган Анорбой ота 1944–1950 йилларда 2-Белорусь фронти таркибида Украина, Польша ва Германияни озод этиш жангларида иштирок этган. Урушдан сўнг 1951–1981 йилларда Паркент туманида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида фаолият юритиб, таълим соҳаси ривожига ҳисса қўшган. Унинг узоқ йиллик меҳнати ва хизматлари давлат томонидан бир қатор орден ва медаллар билан тақдирланган.
Ташриф давомида фахрийнинг ҳол-аҳволи ўрганилиб, унга эсдалик совғалар топширилди ва самимий суҳбат ўтказилди. Бундай ташрифлар кекса авлодга ҳурмат кўрсатиш, тинчлик қадрини улуғлаш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.