O‘zLiDeP вакиллари “Турк дунёси нигоҳи” ҳужжатининг тақдимотида иштирок этди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон оқилона ва конструктив ташқи сиёсат олиб боряпти, хорижий давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш бўйича салмоқли натижаларга эришяпти.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч сифатида бу борадаги тизимли саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг равишда халқаро алоқаларини кенгайтиряпти, бу жабҳада ҳам фаолият самарадорлигини оширяпти. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги делегация Бутунжаҳон туркий тиллар куни муносабати билан “Турк дунёси нигоҳи” (Türk Dünyası Vizyon Belgesi) ҳужжатининг тақдимотида иштирок этди.
Тадбир доирасида партиямиз вакиллари Туркия Буюк Миллат мажлиси депутати, “Туркия – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раҳбари Осман Местен ҳамда “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари, Туркий тилли давлатлар билан алоқалар департаменти бошлиғи Куршад Зорлу билан учрашди.
О. Местен Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар сўнгги 8-9 йил ичида жуда юқори даражага кўтарилгани, бу, аввало, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги ишончли ва стратегик ҳамкорлиги натижаси эканини эътироф этди ҳамда Ўзбекистонни туркий дунёнинг юксалиб бораётган юлдузи, деб таърифлади. Учрашув давомида у парламентлараро ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш бўйича бир қанча таклифларни илгари суриб, дўстлик гуруҳлари, депутатлар ва қўмита даражасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш муҳимлигини қайд этди.
К. Зорлу ўз сўзида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларни юқори баҳолаб, Туркия Президентининг Ўзбекистон Президентига юксак ҳурмат ва ишончи ҳақида гапирди. Туркия Ўзбекистонни нафақат ҳамкор давлат, балки қардош мамлакат сифатида қабул қилишини таъкидлади.
Актам Хаитов ўзбек ва турк халқларининг тарихий илдизлари бир, орзу-интилишлари муштарак эканини қайд этиб, барча соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик, жумладан, парламентлараро муносабатларнинг ривожлантирилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, унинг мустаҳкамланиб бораётгани муносабатларимизнинг янада кенгайишига хизмат қилаётгани тўғрисида сўз юритди. Ҳар икки давлат парламентлари фаолияти самарадорлигини оширишда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хорижий ҳамкасблар билан тажриба алмашиш, жумладан, қўмиталарнинг ўзаро алоқаларини йўлга қўйиш катта аҳамиятга эга эканини билдирди.
Мулоқотда мезбонлар Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази маркази билан биргаликда “Имом Мотуридий” илмий меросини ўрганиш бўйича конференция ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди. O‘zLiDeP ва “Адолат ва тараққиёт” партияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида партиялар “Ёшлар қанот”и ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш, шу мақсадда ёш сиёсатчилар форумини ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди.
Бундай учрашувлар мамлакатларимиз партиялари ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини очишга хизмат қилади.
O‘zLiDeP матбуот хизмати