Asosiy kontentga o‘tish
Чоршанба 01-апрел 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

O‘zLiDeP: “яшил энергетика” салоҳиятининг ўсиши иқтисодий ва экологик барқарорликни таъминлайди

17.10.2025
653

O‘zLiDeP сайловолди дастурида мамлакатимизда “яшил” ўсиш орқалигина барқарор тараққиётни таъминлаш мумкинлиги қайд этилган. Келгуси бир неча йилда республикамизда қайта тикланувчи энергия манбаларини 2,5 баробарга ошириш изчил тараққиёт ва атроф-муҳит мусаффолиги учун катта аҳамият касб этиши баён қилинган.

Партиямиз мазкур йўналишда ҳам тизимли жамоатчилик назоратини олиб боряпти. Хусусан, кеча O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида “Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси  амалда: натижалар ва режалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов мулоқот иштирокчилари – депутатлар, партия фаоллари, олий таълим муассасалари талабаларига соҳадаги ижобий ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот берди.  2024 йилда мамлакатимизда жами қуввати 971,7 мегаваттга тенг  қуёш панеллари ва умумий ҳажми 3 млн 204,7 минг литрни ташкил қилувчи  гелиоколлекторлар ўрнатилган. Жумладан,  ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 296,2 МВт,  тадбиркорлик субъектларида 471,3 МВт, аҳоли хонадонларида 186,8 МВт  қуёш панеллари ишга туширилди. Натижада 900,7 млн кВт соат электр энергияси ва 273 млн куб метр газ тежалди ҳамда 458 минг тонна зарарли газларнинг ҳавога чиқарилишининг олди олинди.

Жорий йилда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. 9 ойдан зиёдроқ даврда жами қуввати  909,5 МВт қуёш панеллари ва 1 ,632 млн литр  гелиоколлекторлар ўрнатилиб, белгиланган режа мос равишда 116 ва 136 фоизга бажарилди. Эътиборлиси, шу йили  умумий қуввати 4613 МВт га тенг 13 та қуёш-фотоэлектр, 2252 МВт қувватли 6 та шамол электр станцияси ҳамда 13 та 1815 МВт ли  электр энергиясини сақлаш тизими қурилиши бошланади. Бунинг учун қўшимча 8,1 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинади ва 10,5 млрд киловатт-соат ёки 4,8 млн хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасига тенг “яшил” энергия ишлаб чиқарилади.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Бахитбай Алдамуратов тўпланганлар эътиборини бу йўналишда берилаётган енгилликлар, имтиёзларга қаратди. Хусусан, қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқарувчилар энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан  10 йил муддатга озод этилади.

Фракциямиз аъзоси Раҳматилла Шукуров бу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик ҳақида ҳам сўз юритди. У кейинги 7 йил мобайнида йирик қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш назарда тутилган 41 та битим имзоланиб, 24 млрд АҚШ долларидан ортиқ чет эл инвестициялари киритилганини  таъкидлади.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бўлим мудири Собит Саидов давлатимиз яшил энергетикани нафақат йирик саноат, балки ҳар бир уй хўжалиги даражасида ҳам ривожлантиришга йўналтирилган муҳим дастурларни амалга татбиқ этаётганига ҳам тўхталиб ўтди.  Жумладан, 2021 йилдан бошлаб, уй хўжаликларида ўрнатилган қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергияси давлат томонидан сотиб олиниши механизми ишга туширилганини билдирди.  

Иштирокчилар муқобил энергия ишлаб чиқарилишини янада кенгайтиришга қаратилган таклиф-тавсияларни ўртага ташладилар. Муҳокамаларда сараланган таклифларни партия фракциясига тақдим этишга келишиб олинди.

 

O‘zLiDeP матбуот хизмати

 

 

Сайтни янги дизайни ёқдими?