ЎзЛиДеП етакчиси фермерларнинг ўзаро тажриба алмашиш таклифини қўллаб-қувватлади
Жиззах вилоятидаги пахтакорлар Чин ўлкасидан келтирилган серҳосил чигит уруғини экишни бошладилар. Ушбу янгилик самарадорлиги, йиғим-терим жараёни ва фермерлар фаолияти билан танишиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Шароф Рашидов туманида бўлди.
Абдунаби Абдураҳимов бошчилигидаги “Қўрғонтепа” фермер хўжалигида бўлиб ўтган мулоқот чоғида туманда аграр соҳада йўлга қўйилаётган илғор усуллар, уларнинг афзалликлари ва тўпланаётган тажрибаларни оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди. Янгиликдан чўчимаслик, замонавий технологияларни ўзлаштириш ҳисобига ҳосилдорликни бир неча баравар ошириш мумкинлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида фермерлар ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. Хусусан, янги уруғлар синаб кўрилаётган ва янгича иш усуллари жорий этилаётган ҳудудларда фермерлар учун махсус ўқувлар ташкил қилиш таклифи билдирилди ва у ЎзЛиДеП етакчиси томонидан қўллаб-қувватланди.