Фирибгарлар тузоғига тушмаслик учун: партияда киберҳимоя масалалари муҳокама қилинди
Бугунги кунда кибержиноятлар ва киберҳужумлар сони жадал суръатларда кўпайиб бормоқда. Интернет орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш ва турли тузоқларга тортиб олиш ҳолатлари партия электорати орасида ҳам катта хавотир уйғотмоқда. Шу боис, ЎзЛиДеП партияси ўз электорати хавфсизлигини таъминлаш ва кибержиноятларни олдини олиш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор амалий ишлар олиб бормоқда.
Шу доирада ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида киберҳужумларни олдини олиш ва кибержиноятчилар домига тушиб қолмаслик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Киберхавфсизлик бошқармаси масъул ходими, катта лейтенант Содиқжон Худойқулов, партия марказий аппарати ходимлари ва “Zoom” платформаси орқали партия ҳудудий бўлинмалари ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда киберхавфсизлик ҳақида умумий тушунча берилиб, фирибгарлар қармоғига тушиб қолаётган юртдошларимиз сони ортиб бораётгани қайд этилди. Шунингдек, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш усуллари, киберфирибгарларни аниқлаб олиш технологиялари ҳақида маълумотлар берилди.
Йиғилиш якунида ЎзЛиДеП кибержиноятларни олдини олиш ва электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан узвий ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.