O‘zLiDePда Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси (ICAPP) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси (ICAPP) 370 дан ортиқ сиёсий партияларни бирлаштирган нуфузли халқаро ташкилотдир. У Осиёдаги сиёсий партиялар томонидан долзарб минтақавий ва глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа ҳисобланади. Шу билан бирга, ушбу Конференция Осиё билан чекланибгина қолмай, Aфрика, Европа ва Лотин Aмерикасидаги сиёсий партиялар вакилларининг иштирок этишига ҳам имкон беради.
2025 йил 4 апрель куни O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов ва Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси (ICAPP)нинг Доимий қўмитаси раиси Чон Ый-йонг ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Вон До Ён ҳамда партия вакиллари иштирок этди.
O'zLiDeP раҳбари A.Хаитов Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида иқтисодиётни юксалтириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириш ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигини таъминлаш партиямизнинг асосий мақсадларидан бири эканлиги таъкидланди. Корея томони ЎзЛиДеПнинг ташқи сиёсатга оид позицияси билан танишди.
Ўз навбатида, Чон Ый-йонг ЎзЛиДеП ва ICAPP ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолатини юқори баҳолади. У ICAPP нинг Осиё партиялари ўртасида алмашинув ва ҳамкорликнинг самарали платформаси сифатидаги истиқболлари ва истиқболдаги режалари ҳақида маълумот берди.
Томонлар партиялараро, парламент ва халқ дипломатияси имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда ICAPP доирасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги ҳақида келишиб олдилар.
Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.