Asosiy kontentga o‘tish
Сешанба 02-Сентябр 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган ҳар бир вазифани O‘zLiDeP депутатлари назоратга олади

25.08.2025
110

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб давлатимиз раҳбарининг 20 август куни “Тадбиркорлар куни” муносабати билан ўтказган очиқ мулоқоти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар атрофлича кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес учун қулай шароит яратиш натижасида 1 минг 600 та микро корхона бир йил ичида айланмасини ошириб, ўрта корхонага айланди. 143 та корхона йирик бизнес мақомига эришди, яна 122 та кичик корхона йириклар сафига қўшилди. Бизнесни “соя”дан чиқариш чоралари туфайли 139 минг корхонада иш ўринлари кўпайди, иш ҳақи фонди сезиларли ошди.

Фракция аъзолари ушбу натижаларда очиқ мулоқотлар орқали тадбиркорлардан келиб тушган таклиф ва ташаббусларнинг қонунчиликка киритилиши муҳим роль ўйнаётганини қайд этдилар. Ҳозиргача 1 мингга яқин ташаббус қонун даражасига кўтарилгани партиянинг тадбиркорлар манфаатларини ифода этаётганини кўрсатади.

Йиғилишда, шунингдек, бизнес соҳасида қўшимча имкониятлар яратиш – тадбиркорларга ер майдони ажратиш, мактаб ва боғчаларнинг бўш ерларида хусусий шериклик асосида таълим муассасалари қуриш, тиббиёт кластерларини ташкил этиш, инвестиция платформаларини йўлга қўйиш, туризм салоҳиятини ошириш каби ташаббуслар кенг муҳокама қилинди.

Қўшма йиғилишда O‘zLiDePнинг бу жараёнлардаги партиявий вазифалари аниқ белгилаб олинди. Хусусан, фракция аъзолари ва барча депутатлар жойларда назорат-таҳлил ишларини тизимли олиб бориши, тадбиркорлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг ташаббусларини қонунчиликка олиб кириши, ислоҳотлар ижросида фаол иштирок этиши шартлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда партия ташаббуси билан “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида амалий ва тасвирий санъат, архитектура ва урбанистика, рақамли технологиялар, аграр соҳалар, реклама ва аудиовизуал санъат каби йўналишларда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилган комплекс дастур ишлаб чиқилади. Ёшлар стартаплари ва инновацион ғояларини рағбатлантириш, имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш, фестивал ва ярмаркалар, турли акция ва танловлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Йиғилиш якунида Президент фармони ва очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган O‘zLiDePнинг комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбарининг “Аваза” миллий туризм зонасида Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг уч томонлама учрашувида илгари сурган таклиф ташаббуслари аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Фракция аъзолари ва партия вакиллари Президентимизнинг уч томонлама учрашувда билдирган таклиф ва ташаббуслари қардош мамлакатлар билан ялоқаларни янги босқичга олиб чиқишини эътироф этишди. Мазкур ташаббуслар халқларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаши таъкидланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?