O'zLiDePнинг ўтган йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинди
Бугун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастури ижроси, партиядан вакиллик органларига сайланган депутатлар фаолияти, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар билан ишлаш йўналишидаги ишлари таҳлил қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққан ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов партия ташкил топганининг 22 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, партиянинг мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. Бугунги кунда партия 16 500 дан ортиқ бошланғич ташкилот ва 2,1 миллиондан зиёд аъзоларни бирлаштирган йирик сиёсий кучга айлангани таъкидланди. Сўнгги саккиз йилда мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш, олий ва мактабгача таълим қамровини кескин ошириш каби йўналишларда амалга оширилган ислоҳотларда партиямиз иштироки эътироф этилди.
Таъкидланганидек, ЎзЛиДеПнинг “Эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида ишлаб чиқилган сайловолди дастури доирасида белгиланган 500 вазифанинг 93 таси (18,6%) тўлиқ бажарилди, 407 таси бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Қонун ташаббускорлиги йўналишида ҳам партиямиз фракцияси аъзоларининг фаоллигини қайд этиш жоиз. Жорий йилда фракциямиз ташаббуси билан 2 та қонун лойиҳаси, 11 та ҳамташаббускорликдаги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Иқтисодиёт, сув хўжалиги, энергетика, транспорт, инвестиция каби соҳалар бўйича қатор мансабдорларнинг ҳисоботлари эшитилди. 36 та депутатлик сўрови юборилиб, жойларда 300 дан зиёд учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлардаги 1 878 нафар партия депутати ташаббуси билан 4 297 та депутатлик сўрови киритилиб, уларнинг 86 фоизи ижобий ҳал этилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида ишбилармонлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Партиянинг “Тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш” лойиҳаси доирасида 436 та учрашув ўтказилиб, 13 мингдан ортиқ тадбиркорнинг фикри ўрганилди. 800 дан зиёд мурожаат эса жойида ҳал этилди. “Тараққиёт нуқтаси” клуби ва “Бизнес плюс” подкасти эса тадбиркорлар манфаатини ишончли ҳимоя қилишда муҳим майдонга айланди.
Бугунги кунда партиямиз аъзоларининг 60 фоизи 35 ёшгача бўлган ёшлардан иборат. Бу эса партиямиздан ёшлар билан ишлаш йўналишида алоҳида масъулият талаб қилади. Шу боис жорий йилда ёш йигит-қизлар иштирокида 742 тадбир ташкил этилиб, 74 мингдан зиёд ёш қамраб олинди. Шунингдек, илк маротаба “Креатив тадбиркор ёшлар форуми” ташкил этилди. “Ёшлар минбари” орқали келган 589 мурожаатнинг 548 таси ҳал этилди. Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни тадбиркорликка жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, жорий йилда аёллар иштирокида 6 845 та тадбир ташкил этилиб, 150 минг хотин-қиз қамраб олинди. “Бунёдкор аёллар” дастури орқали 318 аёлга 1,9 млрд сўмлик кредит ажратишга эришилди.
ЎзЛиДеП ўз сайловолди дастури ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда 101 та янги лойиҳани ишлаб чиқди. Мазкур лойиҳалар партиямизда замонавий менежмент маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Халқаро ҳамкорлик йўналишида эришилган натижалар ҳам таҳсинга сазовор. Жумладан, “Единая Россия”, “Янги Озарбайжон”, Туркия АК партияси ва Хитой Коммунистик партияси билан имзоланган меморандумлар партиямиз дипломатиясининг янги босқичга чиққанидан далолат беради.
Йиғилишда келгусидаги вазифаларни бажариш учун муҳим вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, сайловолди дастуримизда белгиланган 500 та вазифанинг бажарилишини жадаллаштириш, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ масъуллар, муддатлар ва мониторинг механизмларини белгилаш, бажарилган ишлар юзасидан халққа доимий ҳисобот бериш тизимини кучайтириш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, 101 лойиҳани тўлиқ амалга ошириш амалий лойиҳалар ва сиёсий таълим маркази томонидан ишлаб чиқилган барча концепцияларни ҳаётга татбиқ этиш, уларнинг натижалари бўйича ягона мониторинг тизимини йўлга қўйиш, бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини янада ошириш ҳамда “Таянч БПТ” лойиҳасини амалиётга жорий этиб, БПТлар фаолиятини индикаторлар асосида баҳолаш таклиф этилди.
Бундан ташқари, “Креатив тадбиркор ёшлар форуми”ни доимий асосда ўтказиш, ёшлар парламенти билан институционал ҳамкорликни кучайтириш, сиёсий саводхонлик ва бизнес-маҳорат дастурларини ишга тушириш “Тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш” лойиҳасини ҳар бир туман кесимида доимий мониторинг платформасига айлантириш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, партиянинг барча даражалардаги қабуллари, мурожаатлар, депутатлик сўровлари ва ечим натижаларини “Очиқ партия” тизими орқали онлайн кузатиш имкони яратилади. Марказий Осиё мамлакатлари етакчи сиёсий партиялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, Тошкентда минтақавий партиялар учун мулоқот майдонини яратиш ва “Марказий Осиё сиёсий партиялари форуми”ни ташкил этиш каби долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш сўнгида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
O‘zLiDeP матбуот хизмати