Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси — миллий парламентимиз эришган ютуқларни яна бир карра намоён этишга имкон яратади
Жорий йил 5-9 апрель кунлари Ўзбекистон яна бир йирик халқаро тадбирга мезбонлик қилади. Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси илк бор юртимизда ўтказилиши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим тарихий воқеа сифатида ўрин олиши, шубҳасиз.
Таъкидлаш жоиз, Парламентлараро Иттифоқ дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдонига айланган нуфузли ташкилотдир. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш мазкур ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизнинг Парламентлараро Иттифоққа аъзолиги 2017 йилда, яъни Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга ўтган вақтда, изчил ислоҳотларни дадил бошлаган пайтда қайта тикланди. Ўтган қисқа давр ичида, жумладан, миллий парламентаризм ва барқарор ривожланиш соҳасида улкан тажриба тўпланди. Юртимизнинг қатор соҳаларда эришган ютуқлари йирик халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Айнан шу нуқтаи назардан, Парламентлараро Иттифоқнинг 150- юбилей ассамблеяси юртимизда ўтказилиши бежиз эмас. Чунки, сўнгги йилларда мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида Президентимиз бошчилигида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, гендер тенгликни таъминлаш, илм-фан, технологияни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби соҳаларда сезиларли ижобий натижаларга эришилди. Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистоннинг мана шундай ижобий тажрибасини жаҳон мамлакатлари билан бўлишиш, ўртоқлашиш имкониятини беради.
“Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” деб номланган ассамблея доирасида Парламентлараро Иттифоқнинг барча органлари, жумладан Доимий қўмитаси, Ёш парламентарийлар форуми, Парламент аъзоларининг Инсон хуқуқлари бўйича қўмитаси, қашшоқликни тугатиш ва ижтимоий тенглик, Парламентлараро ҳамкорлик ва тинчлик жараёнлари каби масалалар муҳокама қилиниб, 11 та халқаро резолюция қабул қилиниши кутилмоқда.
Шунингдек, иқлим ўзгариши, парламент дипломатияси ва аёллар саломатлигига таъсир этувчи ижтимоий меъёрлар бўйича семинарлар ўтказиш ҳамда Парламентлараро Иттифоқ, шунингдек, “Cremer-Passy” мукофотининг 2025 йилги нашри учун номзодларни аниқлайди. Ассамблея сўнггида эса Парламентлараро Иттифоқнинг резолюциялари ва Тошкент декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, жаҳон парламентларининг энг нуфузли ташкилоти бўлмиш Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясининг Ўзбекистоннинг халқаро доирада обрўйига ошиб бораётганини кўрсатади. Мазкур Ассамблея қонун ижодкорлиги ва парламент назорати каби йўналишларда эришган ютуқларимизни хориж парламентарийлари ва жамоатчилигига яна бир карра намоён этишга имкон яратади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари