Партия етакчиси нурафшонлик ёшлар билан учрашди
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалида таълим олаётган талаба-ёшлар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак, партия вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев, филиал директори Нурбек Насруллаев, олийгоҳ профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Дастлаб партия етакчиси ЎзЛиДеП сайловолди дастурида ёшлар учун махсус уй-жойлар қуриш ва ҳар йили 1000 нафар ёш оилага имтиёзли ипотека кредитларини бериш таклиф этилаётганини билдирди.
Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш мақсадида ҳар бир маҳаллада “Мустақил ривожланиш” марказлари ташкил қилиниши партиянинг ёшларга оид сиёсатига ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидлади.
ЎзЛиДеП талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизимини ривожлантириш мақсадида ОТМлар ҳузурида ташкил қилинган “Каръера ва стажировка марказлари” фаолиятини такомиллаштириш тарафдори экани қайд этилди.