Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Транспорт соҳасидаги хизматлар сифати ошади

23.01.2025
802

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, барча тармоқ ва соҳаларда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этишни қўллаб-қувватлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулиятини ошириш, сувдан фойдаланишда рухсатнома олиш тартибини соддалаштиришга қаратилган.

Лойиҳада сув ресурсларини бошқариш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сув тежовчи технологияларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш, шунингдек, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари ўз аксини топмоқда.

Мунозаралар давомида фракция аъзолари Одинахон Отахонова, Бахитбай Алдамуродов ва бошқалар лойиҳада назарда тутилаётган янгиликлар ЎзЛиДеП мақсад ва вазифаларига уйғун эканлигини қайд этиб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган кўплаб таклифлар эътиборга олингани ва ҳужжат матнида акс этганини билдирди.

Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сув хўжалигини узоқ муддатли ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратиш, шу жумладан сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Фракция аъзолари томонидан кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат —“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

У билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспорти ва метрополитенда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилувчи носоз қурилмадан (тахографдан) фойдаланиш, ҳайдовчининг меҳнат ва дам олиш режимини бузиш учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Шу билан бирга, автомобиль транспортида йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномасиз йўловчи ташиш, белгиланган йўл ҳақи тарифларини ошириш, мунтазам йўналиш бўйича тасдиқланган қатнов жадвалига амал қилмаслик, белгиланган ҳаракат ҳамда юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари, шунингдек, умумий ҳақиқий вазни, ўққа тушувчи оғирлиги белгиланган нормалардан оширган ҳолда йўлга ва рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратиб, ундаги айрим нормалар бўйича ўз фикрларини билдирди. Партия дастурида ҳам аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш, йўловчилар ташишнинг хавфсизлиги ва қулайлигини ошириш устувор вазифа сифатида ўрин олганлигига урғу бериб, лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича бир қатор таклифлар беришди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши транспорт соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш, йўловчилар учун мунтазам йўналишларда мақбул нархларда ташиш жараёнларини олиб бориш, автомобиль йўларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъминлаш жараёнларидаги ўзбошимчиликларни олдини олиш, йўловчи ва юк ташиш хизматларида хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?