Солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олди олинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига даҳлдор, жумладан, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш, солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ юкини камайтириш, иқтисодиётни жадал ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий нормалар акс эттирилмоқда.
Шунингдек, судга қадар ва суд муҳокамаcи давомида етказилган зарар тўлиқ қопланган тақдирда жавобгарликдан озод қилишни, ваколатли органларнинг терговга қадар текширув ҳаракатларини амалга ошириш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш билан боғлиқ ваколатларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари ЎзЛиДеП мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, лойиҳа юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирди. Хусусан, депутат Атҳам Назиркулов ҳужжатнинг заруратига эътибор қаратиб, унда акс этаётган айрим нормалар бўйича ўз нуқтаи назарини билдирди.
Айрим нормалар юзасидан Қонун ташаббускорлардан асослантирилган тушунтиришлар сўради. Улар берилган таклифлар ўринли эканлигини қайд этиб, мазкур таклифлар асосида қонун лойиҳаси янада такомилига етказилишини маълум қилишди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, солиқ тушумларининг барқарорлигини таъминлаш, хусусий тадбиркорлик ривожи учун тенг рақобат шароитини яратиш, уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Йиғилишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди.
У билан сотувчи истеъмолчига шартномада кўрсатилган муддатларда товарни топширмаган тақдирда, мажбуриятни бажарилмаган қисмига пеня тўлаши назарда тутилмоқда. Бунда пеня суммаси етказиб берилмаган товарлар баҳосидан ортиқ бўлмаслиги, пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган сотувчи товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмаслиги белгиланяпти.
Фракция аъзоси Эмма Аслонова қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан бир қатор йиғилишлар, семинарлар ўтказилгани, уларда депутатлар томонидан берилган таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, асосли деб топилганлари ҳужжат матнида акс эттирилганини қайд этди.
Депутатнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг қонуний манфаатларини истеъмолчи сифатида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва олди-сотди шартномасига мувофиқ сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда товарларни истеъмолчига топширмаслиги каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг, ҳар иккала қонун лойиҳаси ҳам фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.