Якшанба 13-Июл 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Тадбиркорларга енгилликлар берилади

08.07.2025
194

2025 йил 7 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб давлатимиз раҳбарининг Озарбойжонга давлат ташрифи ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитидаги иштироки ҳақида сўз юритилди.

Президентимизнинг можаро ва низоларни дипломатия ва конструктив музокаралар йўли билан ҳал этишга алоҳида эътибор қаратгани мамлакатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатининг амалдаги ифодаси экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концепциясини қабул қилиш, Тошкент шаҳрида савдо вазирларининг учрашувини ўтказиш, “яшил йўлаклар” тизимини яратиш, “Экоинвест” дастурини қабул қилиш, Рақамли транспорт ва божхона идорасини ташкил этишни тезлаштириш таклифлари ҳалқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Депутатлар саммитда илгари сурилган ташаббуслар ИҲТ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишини эътироф этишди.

Кун таритбидаги навбатдаги масала — “Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган, шу жумладан давлат иштирокидаги корхоналарнинг носоҳавий активларини хусусий секторга беришни жадаллаштириш мақсадида давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнлари соддалаштирилиётганлиги, тўсиқлар бартараф этилаётганлиги, тадбиркорларга қўшимча енгилликлар берилаётганлигини эътироф этишди.

Қонун лойиҳаси билан давлат кўчмас мулк объектини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган тадбиркорга мол-мулк ва ер солиғини тўлашда енгилликлар берилаётгани қўллаб-қувватланди.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳаси мамлакатимизда жозибадор инвестиция муҳитини яратишга, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкининг камайишига, давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?