Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига топширилди

20.08.2024
1042

Имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига топширилди Хабарингиз бор, 27 июль куни ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши мажлисида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловда фаол қатнашиши бўйича қарор қабул қилинган эди. Марказий сайлов комиссияси томонидан ЎзЛиДеПваколатли вакили рўйхатга олиниб, унга партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларида иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилган эди.

Шундан сўнг партиянинг барча ҳудудий Кенгашларидаги вакиллари, депутатлар, қуйи бўғин аъзолари, партия фаоллари иштирокида ўқувлар ташкил қилиниб, унда имзо варақаларини тўғри тўлдирилиши борасида тушунчалар берилди. Имзо тўплаш жараёнлари аҳоли гавжум жойларда фуқароларнинг иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойларида уюшқоқлик билан ташкил этилди. Мазкур тадбирга партиянинг 15 мингга яқин бошланғич ташкилотлари фаоллик кўрсатди. Ҳудудий партия ташкилотлари қошида ташкил этилган ишчи гуруҳлар сайловчилар имзоларини тўплаш жараёни учун масъул этиб белгиланди.

Таъкидлаш керак, сайлов қонунчилигига кўра сиёсий партиялар битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоиз имзосини тўплаши мумкинлиги белгиланган. ЎзЛиДеП қонунчиликда белгиланган сондаги имзоларни тўплади.

Имзо тўплаш жараёнида сайловчилар томонидан партиямизнинг ўтган йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда сайловчилар билан очиқ мулоқотларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш йўналишидаги амалий ишлари эътироф этилди. Шунингдек, ЎзЛиДеП жорий йилги парламент сайловларига ўзининг мутлақо янгича стратегияси билан кириб келаётгани, 3 миллиондан ортиқ хонадонга кириб, уларнинг муаммоларини ўрганишни мақсад қилгани таъкидланди.

Ҳудудлардан йиғилган имзо варақалари партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳ томонидан қабул қилиниб, “E-Saylov” электрон платформаси орқали шунингдек Марказий сайлов комиссиясига бориб топширилди.

Марказий сайлов комиссияси яқин кунларда тақдим этилган ҳужжатларни тўлиқ текшириб чиқиб, уларнинг қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Қонунчиликка кўра, Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида 5 кунлик муддат ичида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади.

ЎзЛиДеП матбуот хизмати

Сайтни янги дизайни ёқдими?